Қурбон ҳайитини мусулмон аҳли улуғ байрам сифатида муносиб нишонламоқда.
Шу туфайли ҳукумат қарори билан уч кунлик дам олиш куни белгиланган. Аммо шундай касб эгалари борки, улар байрам куни оиласи, яқинлари даврасида эмас. Гап шифокорлар, ҳамширалар ҳақида.
Бугун ҳам Тошкент вилояти Пискент тумани кўп тармоқли поликлиникасида одам гавжум. Шифокорлар, патронаж ҳамширалари аҳолини коронавирус пандемиясида саломатлигини сақлаш ва вакцина жараёнларини сифатли ўтказиш мақсадида ишлаяпти.
Қурбон ҳайити бўлишига қарамай, кун давомида жами 203 нафар фуқаро COVID-19 га қарши эмланди. Вакцинация жараёнлари бошланганидан буён туманда жами 12 минг 404 нафар фуқаро эмланган.
Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари сўзларига кўра, ҳозирги мураккаб эпидемиологик вазият одамларни ўз саломатлиги учун қайғуришига, онгли равишда вакцинацияга келишларига сабаб бўлмоқда. Эмлаш жараёнлари дам олиш куни бўлсада 21 ва 22 июнь кунлари ҳам давом эттирилади. Боиси, 20 июль куни коронавирус инфекциясига оид 68 та мурожаат қабул қилинган.
Беморларнинг аҳволидан келиб чиқиб, уларнинг 7 нафари стационар шароитда даволанишга ётқазилган. Қолганларига зарур кўрсатма ва шифокор тавсиялари берилган.
Коронавирусга қарши курашда энг самарали қурол – эмланиш. Шундай экан, турли шубҳаю гумонлар билан вақт ўтказмасдан, вакцина олиш бўйича амалий тарғибот қилинмоқда.
А. Мусаев, ЎзА