Қулупнай етиштириш даромадли соҳага айланмоқда
Қарор ва ижро
Кейинги пайтларда Тошкент вилоятида иссиқхона хўжаликлари фаолияти анча ривожланди. Бу орқали жойларда экспортбоп ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етиштириш, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш ва даромадини янада оширишга қулай шароит яратилмоқда.


Ҳозир ҳудудда 1 минг 400 гектарга яқин ер майдонида иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, шундан 150 гектарга яқинида гидропоника, қолган майдонларда эса оддий усулда деҳқончилик қилинмоқда. Муҳими, вилоят миришкорлари томонидан етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларни таъминлаш билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 2 ноябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Юқори Чирчиқ туманидаги “TYOPLI SAD” МЧЖга қарашли 6 гектарлик иссиқхонада булғор қалампири етиштирилмоқда. Қиш мавсуми бўлишига қарамай ҳар гектаридан 100 тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Шу билан бирга маҳаллий аҳоли ҳам иш билан банд бўлмоқда. Уларга мунтазам равишда маош тўланмоқда.


Шу туманда жойлашган “SADAF AGRO INVEST” МЧЖ иссиқхонасида 2 гектар помидор ва 1 гектар майдонда қулупнай Корея технологияси асосида етиштирилмоқда. Шу кунларда бу ерда айни ҳосил йиғим- терим палласи. Шунингдек, келгусида бошқа турдаги сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда Юқори Чирчиқ тумани бўйича 60 та иссиқхона майдонида сабзавот маҳсулотлари етиштириш орқали ҳудуд ва шаҳар аҳолисини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш йўлга қўйилган.

Сабзавот маҳсулотларининг ортиқча қисмини Россия, Қозоғистон ва МДХ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 240 нафардан зиёд доимий, 600 нафардан ортиқ мавсумий ишчи банд қилинган.
Иссиқхона хўжалиги бўйича Ангрен шаҳри аҳолисининг ҳам ўзига яраша тажрибаси бор. Биргина мисол, Ҳаккарман-Янги Жигаристон маҳалласида истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Бегзод Мадисманов ўз томорқа ер майдонида ихчам иссиқхона ташкил этган. Бу ерда у қулупнай етиштириб, оила даромадини оширмоқда. У ўтган йилнинг август ойида иссиқхонада оддий гулдонларга қулупнай кўчатларини парваришлади. Декабрь ойида эса ушбу кўчатлар нишона кўрсатди. Давлатдан 33 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит олган тадбиркорнинг режалари катта. У жами 3 сотих ер майдонида “Корея” навли қулупнай етиштирмоқда.


– Декабрь ойида ички бозорга 200 килограмм қулупнай сотувга чиқарилди, – дейди Б.Мадисманов. – Қишда тансиқ бўлган қулупнайнинг бозор расталаридаги нархи ҳозир 150 минг сўмдан 300 минг сўмгача бўлмоқда. Айни вақтда 10 сотихлик ер майдонида “Италян” навли қулупнай кўчатини парвариш қилмоқдаман.
Оиласининг бандлигини таъминлаётган бу тадбиркорнинг турли ҳудудларда йигирмага яқин шогирди ҳам бор. Хориж мамлакатларида йиллар давомида айни шу йўналишда ишлаб, тажриба тўплаган Бегзод эндиликда Ангренда фаолиятини давом эттирмоқда.
А. Мусаев, ЎзА мухбири