Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда
Мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила сифатида яшаб, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда.
Бу юртимиздаги тинчлик, тотувлик, қолаверса, Президентимиз юритаётган оқилона сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.
30 июль санаси юртимизда илк бор “Халқлар дўстлиги” куни сифатида кенг нишонланди. Мазкур сана муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз, жумладан, 6 нафар қашқадарёликлар ҳам “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида менинг ҳам кичик хизматларим юксак даражада эътироф этилганидан мамнунман, бу келгуси фаолиятимга янада куч-ғайрат бағишлайди.
Айтиш ўринли, айни пайтда Қашқадарё вилоятда 223 мингдан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилмоқда. Жумладан, 125 мингдан зиёд тожик миллатига мансуб фуқаролар асосан Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Ғузор ва Касби туманларида яшаса, 33 мингдан зиёд туркманлар Миришкор ва Муборак туманларида умргузаронлик қилмоқда. 21 мингга яқин рус миллатига мансуб фуқаролар асосан Қарши шаҳри, Муборак, Шаҳрисабз, Ғузор туманларида, 11 мингдан ортиқ араблар Миришкор, Косон, Муборак туманларида, 8 мингдан зиёд татарлар Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Чироқчи, Муборак туманларида ҳаёт кечирмоқда.
Ҳудудда миллатлараро муносабатлар барқарор бўлиб, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро зиддият ҳолатлари кузатилмаган. 30 дан ортиқ миллатга мансуб фуқаролар қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб, ҳамжиҳатликда тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда.
Биргина мисол, воҳанинг жануби-ғарбида Қарши шаҳридан эллик чақирим олисда Жейнов деб аталган шаҳарча бор. Бу ернинг аксарият аҳолиси этник араблар. Қаршидан Жейновга қараб кетаверишда Денов ва Миришкор қишлоқларида ўзбеклар, Фазли ва Қамаши қишлоқларида этник тожиклар, Жейновдан ўтгандан сўнг Чандир ва Помуқда эса этник туркманлар яшайди. Бу аҳоли масканларининг барчасида кишилар қон-қариндошлик ришталари билан боғланган.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда вилоятда 5 та, яъни рус, татар-бошқирд, туркман, тожик ва араб миллий-маданий марказлари фаолият юритмоқда. Республикамизда ягона бўлган араб миллий-маданий маркази 1993 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони Муродулло Саидов ташаббуси билан тузилган эди. У киши умрининг охиригача мазкур ташкилот раҳбари бўлиб ишлади. Шу йиллар давомида марказ жуда кўп хайрли ишларни амалга оширди. Ҳатто араб давлатлари элчихоналари билан алоқалар йўлга қўйилди. Араблар тарихи, бугунги ҳаёти, уларнинг кийиниш тарзи ва удумлари ҳақида китоблар, фотоальбомлар, мақолалар чоп этилди, кўрсатув ва телефильмлар яратилди. Марказ қошида “Ал-Арабия” номли ансамбль тузилган бўлиб, нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги танлов ва тадбирларда фаол иштирок этади.
Вилоятнинг чегара ва тоғ олди ҳудудларида 45 та тожик, 3 та рус тилида ўқитиладиган мактаб фаолият кўрсатади. Мазкур муассасалар давлат таълим стандартлари ва тармоқ таълим стандартларига асосан дарслик, қўлланма ва адабиётлар билан тўлиқ таъминланган. Уларнинг ахборот-ресурс марказларида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига мос келмайдиган адабиёт ва қўлланмалар Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда алоҳида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилиши йўлга қўйилган.
Ҳудудда “Ўзбекистон – ягона Ватан”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Шу азиз Ватан барчамизники”, “Ёшларни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашда миллий-маданий марказларнинг роли” каби қатор мавзуларда турли кўринишдаги тарғибот тадбирлари, дўстлик учрашувлари манзилли равишда ташкил этилмоқда. Марказнинг вилоят бўлими мутасадди ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар, концерт дастурлари, учрашувлар ташкил этиб бораётир. Буларнинг барчаси вилоятда миллатлараро тотувликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда.
Шу ўринда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари сифатида яқин истиқболдаги режаларимизга тўхталиб ўтсам. Хусусан, маънавий-маърифий экспедициялар уюштириш, миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш мақсадида “Бахшига бахшида кун”, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда “Маънавиятга йўл” интеллектуал танловини ташкил этиш, ёшларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Адабиётга саёҳат” каби лойиҳаларни ўтказиш, “Бир зиёли – намунали ҳомий”, “Энг намунали муассаса”, “Энг намунали ташкилот” танловларини ўтказиш, ижтимоий, бадиий адабиётлар чоп этиш каби вазифалар кун тартибимизда турибди. Ўйлайманки, ушбу мақсадлар тинч-осойишта мамлакатда умргузаронлик қилаётган ҳар бир юртдошимиз учун манфаатли бўлади.
Лола САОДАТОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари