Қудратилланинг нокдауни, ҳакамларнинг мунозарали қарори
Кеча, 12 декабрь куни Тошкент вақти билан эрта тонгда АҚШнинг Калифорния штатидаги "Dignity Health Park" мажмуасида профессионал бокснинг ярим ўрта вазн тоифаси (66,6 килограмм) бўйича ҳамюртимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров ва канадалик Коди Кроули ўртасидаги 10 раундлик жанг бўлиб ўтди.
Айтиш лозимки, 10 раунд давом этган жангда Қудратилла Абдуқаҳҳоров асосан ҳужумкор бокс намойиш қилиб, ҳар бир раундда ўз устунлигини кўрсатиб турди. Кроули бўлса, ҳимояланиш ҳолатида жанг олиб борди.
Учрашувнинг иккинчи раундида гарчи Абдуқаҳҳоров рақибини накдаунга учратган бўлса-да, 10 раунд якунига кўра, асосан Америка қитъаси вакилларидан иборат ҳакамлар гуруҳи қарори билан 95:94, 97:92, 98:91 ҳисобларида ғалабани Коди Кроули фойдасига ҳал этишди.
Фаолияти мобайнида профессионал боксда 18 бор расмий жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган, шундан 10 та жангда рақибларини накаут эвазига мағлуб этган ҳамюртимиз илк бор ҳакамларнинг мунозарали қарори билан рингни мағлуб боксчи сифатида тарк этишга мажбур бўлди.
Мазкур мунозарали қарорнинг кейинги тақдири қай тарзда ҳал этилишидан қатъий назар, Абдуқаҳҳоров минглаб бокс ишқибозлари кўз олдида ажойиб жанг ўтказган боксчи ҳамда келажакда профессионал бокснинг чемпионлигига ёрқин номзод сифатида гавдаланиб қолаверади. Зеро, унинг истеъдоди, техникаси, рингдаги жозибадор ҳаракати ҳозирда чемпионлик камарига эга бир қатор номдор боксчилардан устун бўлса устунки, кам эмас.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА