Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан юқори малакага эга бўлган хорижий профессор-ўқитувчиларни дарс жараёнларига кенг жалб этишга алоҳида этибор қаратилиб, амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Қозоғистон Республикасининг “QS World University Rankings” 500 талигига кирадиган Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университети билан тузилган икки томонлама шартнома асосида ушбу олий ўқув юртининг “Чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси” кафедраси профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Серғали Мирзақулов талабаларга дарс ўтмоқда.
Филиал директори билан учрашувда қозоғистонлик профессор билан ўзаро дўстона муносабатлар асосида ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлаб бориш, ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва илмий салоҳият жозибадорлигини орттириш борасида ҳамфикрликда иш олиб бориш борасида суҳбатлашди. Келгусида нафақат профессор-ўқитувчилар, балки, талаба ёшлар ҳам алмашув дастури асосида таълим олишни йўлга қўйиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Қозоғистонлик профессорнинг филиал талаба ёшларга ушбу ҳафта давомида 36 соат дарс ўтиши режалаштирилган. Маълумот учун, бундан аввал, ушбу университетнинг “Микробиология ва вирусология” кафедрасининг профессори Рая Миқтибаева ташриф буюриб, филиал талабаларига дарс ўтиб, ўз билимларини ўртоқлашган эди. Айни кунларда С.Мирзақулов филиалнинг “Зооинженерия” (йилқичилик ва туячилик) йўналишида таҳсил олаётган 3-босқич талабаларига чорвачилик йўналишида маъруза ўтиб, уларнинг билимларини янада мустаҳкамламоқда. Шунингдек, талаба ёшларга Қозоғистондаги чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида қизиқарли маълумотларни бериб ўтди.
–Қорақалпоғистон Республикасига илк марта ташриф буюришим, – дейди С.Мирзақулов. – Қорақалпоқ қардошларнинг меҳмондўстлиги ва самимий муносабатларидан жуда мамнун бўлдим. Филиал жамоаси, талабалари билан тез чиқишиб кетдим. Улар ҳар бир маърузамни диққат ва қизиқиш билан тингламоқда. Нукус ҳақида анча кенг таассуротларга эга бўлмоқдаман.
Талабаларга замонавий педагогик технология асосида дарслар ўтилиб, мутахассислик фани бўйича билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда. Олиб борилаётган машғулотлар эса келгусида ўзининг самарасини бериши аниқ.
Маълумот учун, филиал томонидан шу кунга қадар Германия, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия каби хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаси ва меморандумлар имзолашга эришилди. Бу эса, ўз ўрнида, филиалдаги илмий соҳа ривожида муҳим роль ўйнайди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА