Қозоғистонда кураш чемпионати ўтказилди
Тараз шаҳрида кураш бўйича ўтказилган Қозоғистон чемпионатида барча ҳудудлардан келган 210 нафар етакчи спортчи йигит-қизлар 16 та вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқди.
Жамбул вилоятида ташкил этилган чемпионатнинг очилиш маросимида иштирок этган Қозоғистон кураш федерацияси президенти Андрей Боргенс, Жамбул вилояти спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гали Райимкул, дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби Элдос Сметов курашнинг ўзига хос жиҳатлари, маҳоратли спортчиларни тайёрлашдаги ўрни хусусида тўхталиб, иштирокчиларга беллашувларда омад тилади.

Уч кун давомидаги шиддатли ва қизиқарли беллашувлар мухлисларига курашнинг бетакрор жозибаси тақдим этилди.
Мусобақа якунларига кўра, ўз вазн тоифаларида Айбатир Миразат, Болат Балел,Темирлан Сагиндиков, Адилет Ахметали, Данил Крылов, Ерсултан Музаппаров, Ердаулет Жарилгапов каби спортчилар ўзбек спорти кураш бўйича Қозоғистон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.
Энди улар терма жамоа сафига қабул қилиниб, йил давомида ўтказиладиган қитъа ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек жорий йил Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида Қозоғистон шарафини ҳимоя қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА