Қозоғистон президенти ҳукумат истеъфосини қабул қилди
Илгари “ўйнашмагин арбоб билан...” деган нақл бўлар эди, энди “ўйнашмагин нарх-наво билан” деган ибора ушбу нақлнинг замонавий кўринишига айланди чоғи.
2022 йил Қозоғистонда сиқилган газнинг бирданига икки баробарга қимматлашиши аҳоли учун кутилмаган “сюрприз” бўлди. Ҳукуматнинг бу қарорига қарши дастлаб Жанаозен ва Оқтоу шаҳри аҳолиси норозилик намойишига чиқди.
Қозоғистон энергетика вазирлиги нарх ошишига изоҳ берар экан, 1 январдан нархлар талаб ва таклифларга асосланган ҳолда электрон биржа савдоларида шаклланишини айтган.
Президент Қосим-Жомарт Тоқаев бу вазиятни ўрганиш учун махсус комиссия ташкил этишга топшириқ берди. Сешанба куни ҳукумат намойишчиларга ён босишга қарор қилди. Оқтоуда ҳукумат комиссияси намойиш фаоллари билан учрашув ўтказишди ва бир литр газ нархини 50 тенгегача туширишга ваъда беришди. Бу гап Мангистауда бўлиб ўтди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мурожаат билан чиқиб, аҳолидан ақл билан иш тутишни, ички ташқи бузғунчилик ҳаракатлар таъсирига тушмасликка чақирди. Иш шунга бориб етдики, давлат раҳбари Олмаота ва Мангистау вилоятида фавқулодда ҳолат режимини жорий қилиб, соат тунги 23:00 дан эрталаб соат 7.00 гача комендантлик соати эълон қилди, оммавий тадбирлар тақиқланди, одамларнинг кўчада эмин-эркин ҳаракат қилишига, жумладан, транспорт ҳаракатларига ҳам чеклов қўйилди. Кейинроқ президент Тоқаев республика ҳукуматини истеъфога чиқариш бўйича фармонни имзолади.
Ижро ҳукумати вакиллари янги ҳукумат таркиби тасдиқланмагунича ўз вазифаларини вақтинча бажариб турадиган бўлишди. Қозоғистоннинг вақтинчалик бош вазири этиб, унинг биринчи ўринбосари Алихан Смаилов тайинланди.
"Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг истеъфоси қабул қилинсин. Қозоғистон Республикаси бош вазири вазифасини вақтинчалик бажариш Смаилов Алихан Асхановичга юклатилсин", – дея келтирилади фармон матнида. Эслатиб ўтамиз: Қозоғистон ҳукуматини 2019 йил 25 февралдан буён Аскар Мамин бошқариб келаётганди. Ижтимоий тармоқ саҳифаларининг президент матбуот хизмати берган хабарига таяниб ёзишича, Тоқаев маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Мурат Нуртлеу Қозоғистон Республикаси миллий хавфсизлик Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Қолаверса, Қозоғистон раҳбари 2019 йилдан буён давлат котиби вазифасида ишлаб келаётган Кримбек Кушербоевни ҳам вазифасидан озод қилиб, унинг ўрнига ўзининг ёрдамчиси Ерлан Каринни янги давлат котиби этиб тайинлаган.
Қозоғистон президентининг баёнот беришича, республикада норозилик кайфияти юзага келишида асосан ҳукумат айбдор. Президент маъмурияти сайтида хабар берилишича, Тоқаев мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазият билан боғлиқ масалалар бўйича мажлис ўтказган. Президентнинг таъкидлашича, фавқулодда ҳолат тартиби ўрнатилгандан кейин Олмаота ва Мангистау вилоятида вазият аста-секин изга туша бошлаган. Нарх бўйича ҳам чоралар кўрилгани айтилмоқда.
Президент матбуот хизматининг берган маълумотига кўра, Тоқаев сиқилган газ ва бензин нархлари 180 кунлик муддат билан давлат томонидан мувофиқлаштириб борилиши бўйича топшириқ берган. Бу топшириқ дизель ёқилғисига ҳам тегишли бўлди. Хабарда қўшимча қилинишича, Тоқаев шунингдек, "ижтимоий муҳим аҳамият касб этган озиқ-овқат маҳсулотлари нархига ҳам давлат томонидан назорат ўрнатишни талаб қилган".
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг топшириғига биноан, "180 кун давомида аҳоли учун коммунал тарифларнинг ошишига мораторий жорий қилиш” ва “аҳолининг кам таъминланган қатлами учун иккиламчи турар жойларга ижара тўловларни субсидиялаш" масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Шунингдек, президентнинг топшириғига биноан, “Хусусий шахсларнинг банкротлиги тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишга киришилади. Хусусий ва давлат маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган “Қозоғистон халқига” жамоатчилик фонди” ташкил этишга киришилади.
РИА Новости мухбирининг маълум қилишича, айни пайтда норозилик намойишлари бўлиб ўтган Олмаотадаги Республика майдони ҳарбий зирҳли автомашиналар билан ўраб олинган, коммунал хизматчилар майдонни тозалаш билан банд. Асфальт устида ёруғлик ва шовқин чиқарадиган гранаталар излари, пиёдалар юрадиган йўлаклар плиткаларнинг бўлаклари, резинали ўқларнинг бўшаб қолган гильзалари сочилиб ётибди, дейилади хабарда.
Сўнгги хабарларга кўра, шаҳарда ҳали ҳам мобиль интернет ишламаяпти, хабарномалар жўнатиш блоклаб қўйилган. Намойишлар такрорланишининг олдини олиш учун ҳарбий хизматчиларнинг бир нечта бўлинмалари майдоннинг узунасига жойлаштирилган. Майдон яқинидаги ташкилот идоралари ходимлари масофадан туриб ишлаши учун уйига жавоб берилган.
С.Раҳимов, ЎзА