Бугунги кунда олий таълим тизимида олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг билимини замон билан ҳамнафас равишда янгилаб бориш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Бу борада хорижий ва қўшни давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, ўқув жараёнига юқори малакага эга профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ҳам катта аҳамият касб этади.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ушбу йўналиш бўйича самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунга қадар Қирғизистон ва Қозоғистон Республикалари “QS World University Rankings” 500 талигига кирадиган олий ўқув юртлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилиб, профессорларнинг филиал талаба-ёшларига маъруза ўтиши ташкил этиб келинмоқда.
Филиалга Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-уйғур автоном тумани Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси фахрий профессори, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси академиги Ж.Паржанов ташриф буюрди.
Меҳмон дастлаб филиал раҳбарияти билан олиб борилган мулоқот давомида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва келгусида ушбу ҳамкорлик алоқаларини кўп қиррали шериклик асосида кучайтириб бориш, илмий фаолият соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, Қозоғистон ва Қорақалпоғистоннинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари билан яқиндан танишиш, маълумот ва тажриба алмашиш, шу орқали талаба-ёшларнинг билимларини янада кенгайтириб бориш ҳақида сўз юритди.
Қозоғистонлик академик “Зооинженерия” йўналишининг 2- босқич талабаларига дарс ўтди. Жумладан, “Йилқичилик ва туячилик” фанидан олиб борилган маърузага қўшимча тарзда Қозоғистондаги наслли йилқилар ва уларнинг парвариши, йилқи чорвачилигининг ривожланиш босқичлари, зотдор отларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани хусусида қизиқарли маълумотлар берилди.
– Қорақалпоғистонга илк ташрифимни айнан ушбу филиалдан бошладим, боиси, бу ерда зооинженерия йўналиши бўйича рақобатбардош кадрлар таҳсил олмоқда, – дейди академик Ж.Паржанов. – Ёшларнинг билимга чанқоқлиги, касбига бўлган меҳрини мамнуният билан эътироф этсак бўлади. Филиал билан ҳамкорликни янада кенгайтириб, келгусида халқаро илмий лойиҳалар ва конференцияларда фаолият олиб бориш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилдик.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири