Қозоғистон делегацияси Жиззахда бўлди
Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов бошчилигидаги Туркистон вилоятидан ташриф буюрган делегацияни қабул қилди.
Вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев меҳмонларга ташриф учун самимий миннатдорчилик билдириб, икки мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишлари, бу борада ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шу билан бирга ҳали икки томонлама ишга солинмаган улкан имкониятлар борлигини таъкидлаб ўтди.
Учрашувда элчи Бейбут Атамқулов қабул учун вилоят раҳбарига миннатдорчилик билдириб, икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни, ҳамкорликни юқори баҳолади.
[gallery-20984]
Элчи жаноблари транзит йўл чорраҳасида жойлашган Жиззах вилоятининг салоҳияти, сўнгги йилларда воҳада қўлга киритилган ютуқларга юқори баҳо берди.
Мулоқот давомида Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган “Ўзбекистон – Қозоғистон IV минтақалараро форуми” доирасида эришилган келишувлар натижасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қозоғистон Республикасининг Туркистон ҳамда Жиззах вилоятлари ўртасида савдо ва саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт-логистикаси, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат, тиббиёт, таълим, IT ва маданий йўналишларда ҳамкорликнинг янги қирраларини ишга солиш бўйича ўзаро таклиф, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Жумладан, “Туркистон – Жиззах – Зомин” йўналиши бўйича туристик маршрут харитасини ишлаб чиқиш, Жиззахдан зиёрат туризми учун Туркистонга сайёҳларни жалб этиш, солиқ, божхона имтиёзлари, тадбиркорлар учун преференциялар, Туркистон вилоятининг Жиззах вилоятига чегарадош бўлган Махтаорол ва Жеттисой туманлари билан товар айирбошлаш, савдо нуқталари ва бозорлар ташкил этиш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалалари бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда Жиззах ҳамда Туркистон вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича меморандум имзоланди.
Шунингдек, Қозоғистондан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, жумладан “ADM Jizzak”автомобиль заводи, “Iruskon” қандолат фабрикаси, Шароф Рашидов туманидаги “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида нуфузли меҳмонлар Жиззах шаҳридаги “Халқаро дўстлик уйи”да қозоқ диаспораси вакиллари билан ҳам учрашиб, улар билан дилдан суҳбатлашди.
Делегация аъзолари ташриф сўнггида “Зомин” туристик-рекреацион зонаси билан таништирилди.
Қозоғистонлик меҳмонлар Жиззахга амалга оширилган ташриф уларда чуқур таассурот қолдирганини таъкидлашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари