Қозоғистон бир миллиард долларлик буғдой ва меслин экспорт қилди
Экспортга чиқарилаётган буғдой ва меслин нархлари бир ой ичида 10 фоизга ошди ва йил давомида ушбу кўтарилиш 32 фоизни қайд этмоқда. Экспорт миқдори ҳам табиий кўринишда 3 фоизга ва пул кўринишда 40 фоизга ошган, деб хабар бермоқда «Казинформ» агентлиги Еnergyprom.kz маълумотларига таяниб.
Жорий йилнинг январь-июль ойлари якуни бўйича Қозоғистондан 3,3 миллион тонна буғдой ва меслин экспортга чиқарилган. Табиий кўринишда ўсиш 3,2 фоизни, пул кўринишида 40,4 фоизни ташкил этган.
Экспорт қилинган маҳсулотларнинг катта қисми МДҲ мамлакатларига жўнатилган. Энг кўп маҳсулот Ўзбекистон (1,5 миллион тонна), Тожикистон (416 минг тонна) ва Туркманистонга (217,9 минг тонна) тўғри келмоқда.
МДҲга кирмайдиган мамлакатлар орасида Қозоғистон буғдойига энг катта харидор Эрон бўлмоқда. Шунингдек, Афғонистон ва Италия мамлакати ҳам Қозоғистон буғдойининг бу йилги йирик харидорлари сифатида қайд этилган.