“Қўйвор набирангни, отажоним, Шарқ...”
Маънавиятимиз қирралари
Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг ушбу мисрасини ўқиганимда мен талаба эдим. Балки ўша пайтда бу шеърнинг маъносини чуқур тушунмагандирман. Шоир бу мисрани битаётганида ҳис қилган туйғулар қалбимдан ўтмагандир.

Лекин, мана, орадан кўп йиллар ўтиб, набирам – катта қизимнинг фарзанди Мадина сабаб бу шеър, тўғрироғи, шу бир мисра лоп этиб яна ёдимга тушди ва бу гал мен Абдулла Ориповни, у илгари сурган фалсафани, ғояни тушундим, шоирнинг буюклиги, истиқболни кўра олиш қобилиятига яна бир карра тан бердим.
Набирам Мадина болалигидан кўп нарсаларга қизиқувчан бўлиб улғайди. Расм чизишга қизиқиб, тўгаракка қатнади. У чизган суратлар, картиналар ҳозир қизимнинг меҳмонхонаси деворларини безаб турибди. Кейин дутор чалишга қизиқди. Дадасига дутор олдирди. Ва айни пайтда у дутордан бир неча мумтоз куйларни чала олади.
Ўсмирлик инжиқликлари ортда қолиб, у мактабни олтин медаль билан битирди. Куёвим ва қизим бироз ўжар, бироз эркатой, ўзи айтганини қилдирадиган бўлиб улғайган бу қизининг келажагидан ташвишга туша бошлади. Келгусида қандай одам бўларкин, рўзғор ишларига эътиборсизроқ бу қиз қандай мустақил рўзғор тутаркин?
Бу гапларни улар ошкора айтишмаса-да, мен бобо сифатида ҳис қилардим. Балки менга шундай туюлгандир.
Уйларига борганимда набирам олдимга кирар ва кўпроқ суҳбатлашишга интиларди. Унинг қизиқишлари ва саволларининг адоғи йўқ эди. Бир сафар борганимда энди қаерда ўқимоқчи эканига қизиқдим.
– Бува, сиз менга ёрдам беринг, дадам билан ойим кўнмаяптилар, – деди Мадина. – Японияда ўқимоқчиман!
Унинг кўзлари ёнарди. Мен кўзларимни олиб қочдим: “Бу қизи тушмагур кимга ўхшабди!”
Дабдурустдан берилган саволга нима деб жавоб беришимни билмай “Уларнинг тилини билмайсанку?” дедим.

– Ўрганаман. Қолаверса, инглиз тилини биламан. Уларда инглизчани билишади.
Тўғриси, мендай совет мактабларида ўқиган, маълум бир қолипларга ўрганган одам учун бу мутлақо янги гап эди. Бироз ўйланиб қолдим. Мадинанинг ота-онаси ўйлаган нарса менга ҳам ўтди: ”Қиз бола бўлса?...”
– Ўзимизда ҳам яхши ўқишлар борку, қизим? Ким бўлмоқчисан?
– Дизайнер, қурилиш бўйича дизайнер бўлмоқчиман. Бува, Тошкентда қурилаётган уйларни қаранг, ҳаммаси бир хил. Мен дунё архитектурасини Тошкентга олиб келмоқчиман. Дунё ранг-баранг, шаҳарларимиз ҳам ранг-баранг бўлсин.
Хаёлим болаликка, мактабда ўқиб юрган йилларга олиб қочди. Қайсидир синфда адабиёт ўқитувимиз иншо олганди. Мавзуси “Ким бўлмоқчиман?”. Шунда кимдир ўқитувчи, кимдир инженер, кимдир раис бўлмоқчиман, деб ёзган бўлса, бир синфдош қизимиз учувчи бўламан, деб ёзганди. Шунда ҳали қиз болаларнинг ўқиши унча урф бўлмаган олис Кўкдаладаги қишлоқ мактабининг ўқитувчиси – устозимиз мийиғида кулиб, “Илоҳим, ниятларингга етгин, қизим!” деганди ва кўзини олиб қочганди.

Мен айни пайтда ўша устозимнинг аҳволида эдим. Ўрта мактабни битиргунига қадар бор-йўғи туман марказига икки-уч марта борган, ҳали вилоят марказини, мамлакат пойтахтини ҳам кўрмаган бобонинг набираси дунёнинг бир чеккасидаги олис давлатда, тили бегона, маданияти, қадриятлари, турмуш тарзи ёт одамлар орасида ўқийман деб кўзлари ёниб турса, бу бобо нима десин, хурсанд бўлсинми ё йиғласин?
Хуллас, Мадина японларнинг ўзи Тошкентда очган тил ўргатиш курсига қатнаб, япон тилини ўргана бошлади. Энди уйларига борганимда бизнинг суҳбатларимиз фақат Япония ҳақида бўларди. У қисқа муддат ичида япон тилини ўрганиб, сертификат олди ва Япония ҳақида шундай кўп маълумотлар йиғдики, биз ҳам бу буюк давлатга қизиқиб, кўп нарсаларни ўрганиб олдик.
Қисқаси, барча расмий ҳужжатлари тайёр бўлгач, Тошкентдан бошқа жойга чиқмаган, “дом” шароитида яшаган, нари борса, ота-онаси туғилиб ўсган қишлоққа ёзги таътил пайтлари борган 18-19 ёшлардаги қиз бирон таниши бўлмаган бегона юрт – олис Японияга баҳорнинг илк кунларида самолётга ўтирдию учди-кетди.

Мадинани самолётга кузатгани чиққанимизда ота-онаси қандай туйғуларни ҳис қилганини билмадиму, мен қаттиқ ҳаяжонландим. Бу қиздаги журъат, айтишим мумкинки, жасорат, мақсад сари дадил интилиш мени ҳаяжонлантирарди. У бу мустақил ҳаёт йўлини ўзи танлади. Бу таҳсинга, олқишга, табриклашга ва бобосининг набираси ҳақида мақола ёзишига арзийди.
Ҳозир Мадина билан ҳар куни телефонда гаплашиб турамиз. Ҳам ишлаяпти, ҳам ўқияпти. Япония ҳақида шундай жўшиб гапирадики, телефонни қўйгинг келмайди.
Куни кеча ҳам гаплашдик. Гаплари дадил, кўриниши яхши, чеҳраси очиқ, ҳали кетганига бир йил бўлмаса-да, анча улғайибди қизимиз. Яшаши, харажатлари билан қизиқдим.
– Уйдан пул олмаяпман, энди бироз жамғаряпман. Бува, Япония зўр мамлакат экан, одамлари ҳам, одатлари ҳам ажойиб, мени улар японка деб ўйлашади, ўхшайман-ку. Лекин Ўзбекистонимизни янаям кўпроқ яхши кўриб қолдим, – дейди у.
Ўқишни битириб, набирам қандай мутахассис бўлишини ва у Ўзбекистонда қаерда ишлашини тасаввур қилолмайман. Лекин шуни аниқ биламан ва ишонаманки, у Япониядан мустақил инсон бўлиб қайтади!
Одатда ёши катталар ёш авлодни кўпам қабул қила олмайди. Мен ҳам улардан бириман. Ёшларнинг андишасизлиги, бетгачопарлиги, биз кўниккан, ҳаётимизга сингиб кетган баъзи одатларни инкор қилиши, телефонга ружу қўйгани, уларнинг кийиниши ва ҳоказолар бизга ёқмайди. Бир куни Инҳа университетида ўқийдиган катта набирам футболка кийиб ўқишга отланаётганини кўриб қолиб, койидим: “Одамга ўхшаб кийиниб юрсанг бўлмайдими? Ҳеч бўлмаса, ўқишга бораётганингда”. У бир кулиб қўйдию ташқарига отилди. Кечқурун телевизорда не кўз билан кўрайки, чамаси набирамдан 7-8 ёш катта бир туман ҳокими набирамникига ўхшаган либосда интервью берарди. Ўйладим: “Демак, биз эскирибмиз. Бу кийим ҳозир урфда экан”. Шундан кейин набирамга гапирмай қўйдим.
Энди бу оталар ва болалар муаммоси азалийдир. Бироқ Мадина набирам ўз ҳаракати билан менинг бугунги ёшлар ҳақидаги фикрларимни ижобий томонга ўзгартириб кетди. Ёшлар орасида истеъдодли, ўқишга, изланишга ташна, интилувчан, қатъиятли, жасур йигит-қизлар кўплигига ишонаман.
Набирам баҳона хорижга ўқишга, ишга чиқиб кетаётган миллатдошларимиз ҳақида баъзи фикр-мулоҳазаларимни билдириш истаги пайдо бўлди.
Бугун Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилди. Мамлакатимиз аҳолиси сони 37 миллионга яқинлашиб қолди. Насиб бўлса, яна беш-ўн йилда биз 50 миллион нуфусга эга катта давлат бўламиз.
Бунча аҳолини боқиш, уларга иш ўринлари яратишнинг ўзи бўлмайди. Шундай экан, ижтимоий тармоқларда янграётган баъзи бир юртдошларимизнинг мигрантларимизни Ватанга қайтариш керак, деган гаплари, чақириқлари асоссиздек туюлади.
Биз чет элларга иш излаб, пул топиш мақсадида чиқиб кетаётган ёшларимизни қонуний асосларда юборишимиз, ўзга давлатларда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз зарур. Аввало, уларни бу ерда қисқа курсларда ўқитиб, қўлига касб-ҳунар бериб, малакали мутахассис сифатида тайёрлаб, тил ўргатиб жўнатиш бўйича амалга оширилаётган ҳозирги ишларимизни кенгайтиришимиз, бу давлатнинг устувор вазифаларидан бири бўлиши лозим. Ана шунда хорижга кетаётган йигит-қизларимиз борган жойида тезроқ ўрнашади, иш топади ва қийналмасдан яшаб кетади. Бу тўғрида, албатта, давлат даражасида қайғурилиши шарт.
Олис тарих саҳифаларига кўз югуртирсангиз, қадим замонларда ҳам аҳоли яшаш учун қулай манзилларга кўчиб юрган. Бу ҳаракатни табиий қабул қилишимиз керак. Масалан, юртдошларимиз кўпроқ кетаётган қўшни давлатлардан Қозоғистон, Россияни олиб қарайлик. Бу давлатларнинг ҳудуди катта, ҳудудига нисбатан аҳолиси кам. Шунинг учун ишчи кучига эҳтиёж юқори. Бу эҳтиёжни ўзбеклар ва бошқа қўшни халқлар қондирса, бунинг нимаси ёмон? Балки давлатлараро шартномалар асосида Россия ёки Қозоғистоннинг ҳувиллаб ётган қишлоқларини ижарага олиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланиш мумкиндир. Россиянинг ҳам, Қозоғистоннинг ҳам ерлари унумдор, табиати серёғин, дарёлари кўп, сув тақчиллиги муаммоси йўқ. Халқимиз меҳнаткаш, миришкор деҳқон – ҳам ўзини боқади, ҳам дунё бозорига ўзбек бренди асосида маҳсулотлар етиштириб беради. Ёки Европадаги ишчи кучига муҳтож давлатларга ҳам ёшларимизни шартнома асосида жўнатишимиз керак. Чунки бу кўҳна қитъа аҳолиси “кексайиб” қолди, у ерларда иш ўрни кўп.
Гоҳида ишга метрода келиб-кетаман. Эрталабки тирбанд соатларда метро бекатида турган, вагонларга чиқаётган йўловчиларга назар ташлаб, мени ваҳима босади. Ўқишга, ишга шошаётган, аксарияти ёшлардан иборат бунча одамга эртага доимий иш топиб бермасак, нима бўлади? Уларнинг ҳар бирига иш, уй, машина ва ҳоказо керак. Аҳолимиз эса кун эмас, соат сайин кўпайиб бораяпти...
Одатда меҳнаткаш инсонлар, кўпроқ қийинчиликларни кўрган оилалардаги ота-оналар фарзандларининг ўзларидан устун, билимли, ўқимишли одамлар бўлишини, ўзлари кўрган азобларни кўрмаслигини исташади. Қийналиб топган маблағларини болаларининг ўқиши, мутахассис бўлиб етишиши учун сарфлашади. Ота-онасининг қандай қийналиб пул топаётганини кўриб турган болалар ҳам ота-онаси истагандек фарзанд бўлишга интилади. Натижада бундай йигит-қизлардан келгусида яхши мутахассислар, олимлар, илм-фан, ижод кишилари етишиб чиқади. Бу ҳаёт синовидан ўтган ҳақиқат.
Шундай экан, биздан хорижга чиқиб кетаётган оддий оилаларнинг фарзандлари бир кун келиб йирик шахслар – турли соҳаларнинг билимдон, малакали мутахассисларига айланади ва халқимиз мана шу йўл билан дунёнинг барча давлатларида мустаҳкам ўрнашади. Дунёнинг ҳамма бурчакларида ватандошларимиз муқим жойлашиб, ишласа, фаровон яшаса, бу яхшику!
Хитой компаниялари бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудида қўшма корхоналар очди. Бу узоқни кўзлаган давлатнинг ақлли тадбири. Бизнинг халқимиз ҳам худди хитойликларга ўхшаб ўзининг зукколиги, ақли, тадбиркорлигию меҳнаткашлиги билан дунёни забт этишига ишонамиз.
Шу ўринда яна атоқли файласуф шоиримиз Абдулла Ориповнинг мақоламиз сарлавҳасига чиқарилган мисрасига қайтамиз. Донишманд шоир неча йиллар олдин англаган ва ёзган бу мисра тагидаги ҳақиқат бугун ҳам маёқдек халқимизга йўл кўрсатиб турибди.
Абдужалол Тайпатов,
ЎзA