Юрган дарё, ўтирган бўйра, дейди доно халқимиз. Сафарга чиққан киши йўл-йўлакай ҳар хил воқеа ва ҳодисалар, манзараларнинг гувоҳи бўлади. Турли одамлар билан суҳбатлашади. Янги-янги жойларни кашф этади.
Мамлакатимиз пойтахтидан йўлга чиққан йўловчи ҳам йўл бўйида салқин ичимлик ва шарбат сотувчиларидан тортиб турли мевалар, полиз маҳсулотларини сотаётган деҳқону, олиб сотарларга дуч келади. “Тошкент – Термиз М-39” автомагистрал йўли бўйида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидан то Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани ҳудудигача бир-биридан чиройли қилиб териб қўйилган қовун-тарвуз расталари, челакларда моҳирона зеб бериб қўйилган олмалар киши эътиборини тортади.
Хўш, шу нозу неъматлар қаерда ва ким томонидан етиштирилади? Уларнинг йўл бўйида сотилиши гигиеник нуқтаи назаридан нечоғли тўғри? Пешона тери эвазига етиштирган маҳсулотини сотаётган миришкорларни қандай муаммолар қийнамоқда? ЎзА мухбири шу каби саволларга ойдинлик киритиш ва соҳада амалга оширилаётган ишларни ўрганиш учун журналистик суриштирув ўтказди.
Буюк Хоразм давлатини 1193-1200 йиллардаги шоҳи Ала ад-Дин Такашга Мирзачўлда етиштирилган қовунни олиб борганларида еб кўриб, “Фарғона ва Хоразм гаширидан-да лаззатлироқ экан”, дея Мирзачўл қовунига таъриф берган экан. Тарихий манбаларда ёзилишича, XII-XIII асрларда Чингизхон истилосидан ҳам аввалроқ Мирзачўлда етиштирилган қовунлар Буюк ипак йўли савдо карвонлари орқали Шарқий Осиё давлатларига олиб бориб сотилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Бугунги кунда ҳам ўша қадим Мирзачўл воҳасида ястаниб ётган Жиззах ва Сирдарё вилоятларида етиштирилаётган қовун-тарвузлар узоқ Шарқ ва олис Ғарб давлатларига экспорт қилинмоқда.
Жиззах вилоятида жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида асосий экин сифатида 5 минг 327 гектарга қовун, 5 минг 54 гектарга тарвуз, такрорий экин сифатида 4 минг 288 гектарга қовун, 1 минг 944 гектар майдонга тарвуз экилган. Сирдарё вилояти далаларида эса жами 49 минг гектарга, шундан асосий экин сифатида 22 минг 951 гектарга, боғ орасига 1 минг 180 гектарга, такрорий экин сифатида 1 минг 40 гектарга қовун-тарвуз экилган.
Жиззахлик миришкорлар асосий экин сифатида 103 минг 457 тонна тарвуз, 86 минг 152 тонна қовун етиштирган бўлса, такрорий экин сифатида экилган ушбу маҳсулотлардан 75 минг 790 тонна тарвуз, 36 минг 556 тонна қовун бозорларга чиқарилиши режалаштирган. Сирдарёлик миришкорлар жами 760 минг 726 тонна полиз – қовун, тарвуз, қовоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни назарда тутган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Жиззах вилояти бобо деҳқонлари томонидан 2021 йилнинг ярим йиллигида қиймати 754,2 минг АҚШ долларилик қовун, 740,8 минг АҚШ долларилик тарвуз маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Украина, Латвия, Германия ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинган. Вилоят қишлоқ хўжалиги корхоналарининг салоҳияти ва мавжуд шартномалари таҳлил қилинганда йил якунига қадар 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ полиз маҳсулотлари экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Сирдарё вилояти деҳқонлари эса 2 минг 362 тонна ёки қиймати 772 минг АҚШ долларилик полиз маҳсулотларини экспорт қилган.
Ҳар икки вилоятнинг барча деҳқон бозорларидан ташқари, катта йўл ёқаларига ҳам ўзлари етиштирган қовун, тарвуз, қовоқ каби полиз маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Жумладан, Жиззах – Даштобод, Жиззах – Фориш, Жиззах – Ғаллаорол йўллари бўйида аҳоли 30 га яқин нуқтада қовун-тарвуз савдоси билан машғул.
Аҳоли томонидан Сирдарё вилояти ҳудудидаги М-39 йўли бўйида 83 та, Жиззах вилояти ҳудудида худди шу Тошкент – Термиз автомобиль йўли бўйида 20 га яқин қовун-тарвуз савдо нуқтаси ташкил этилган. Қовун-тарвуз маҳсулотлари қанча кўп бўлса, шунча арзон бўлади, қолаверса, юзлаб кишининг мавсумий бўлсада бандлиги таъминланади, бу жуда яхши, албатта.
[gallery-3461]
Ҳар иккала вилоят ҳудудида қовун-тарвуз савдоси билан машғул юртдошларимизнинг деярли 80-85 фоизи учун ҳеч қандай қулайликлар яратиб берилмаган. Деярли шунча фоизи, даромад солиғини ҳам тўламайди. Тўғри, ҳозир пандемия даври, лекин унгача ҳам ҳеч кимга ҳеч қандай даромад ёки бошқа солиқ тўланмаган.
Бу сотувчиларнинг кўпчилиги карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда, ниқобларсиз савдо қилмоқда. Бугун бу йўллардан нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки турли хорижий давлатлардан келган сайёҳлар ҳам ўтади. Бир қатор савдо нуқталарида қовун-тарвуз пўчоқлари шундоққина савдо нуқтаси яқинига ташлангани боис ҳашоратлар кўпайган.
Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани ҳудудида, маҳаллий халқ тили билан айтганда, аввалги “Қовун бозор”ини сел ювиб кетгач, эски жойи сал кўчирилиб, тадбиркор томонидан усти ёпилган айвон шаклида очиқ бозор ташкил этилган. Бу ерда бироз бўлсада карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиниб, савдо қилинмоқда. Тадбиркор сотувчилар кунлик тўловини тўлаб, санитария-гигена қоидаларига риоя қилган ҳолда савдо қилаяпти.
Аммо бу ерга тоза ичимлик суви олиб келинмаган, ҳожатхонаси стандартга умуман жавоб бермайди. Сотувчилар қўлбола айвончалар ясаб, баъзилари шунчаки очиқ осмон остида савдо қилмоқда.
– Асосий экин сифатида 1 гектар, такрорий экин сифатида яна 1 гектар ерга қовун ва тарвуз экканмиз, – дейди Оқолтин туманида яшовчи, полиз маҳсулотлари сотувчиларидан бири Дилшод Азизмуродов. – Укаларим ва турмуш ўртоғим жами 4 киши етиштирган қовун тарвузларни менга етказиб беради. Мен кечаю кундуз шу ерда туриб савдо қиламан. 2 йилдан буён шу иш билан шуғулланамиз. Ҳар йили такрорий экин учун фермернинг ғалладан бўшаган ерини сотиб олиб экин қилардик. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ёшлар дафтари”га киритилганларга бепул ер ажратиб берилди. Ўтган йили 10 миллион сўм атрофида даромад қилган эдик. Бу йил худо хоҳласа, 4 баробар кўпроқ даромад қилишни режалаштирганмиз.
– Қовун-тарвуз етиштириб сотиш, менга ота мерос, – дейди Дўстлик тумани “Манас” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 76 ёшли Турғун бобо Бердиқулов. – 2 гектар ерга деҳқончилик қилганмиз. Оила аъзоларимдан 6 киши меҳнат қилади. Шу ерда савдо дўконимиз, “Бирзумда” тезкор емакхонамиз йил давомида ишлайди. Қовун-тарвуз савдоси мавсумида бўлади. Баъзи кунлари 150-200 тагача, баъзан эса 30-40 тагача ҳам қовун-тарвуз сотдик. Шу иш орқасидан ўғил-қизларимни уй-жойли қилдим.
Шу ўринда, бу маҳсулотлар қанчалик истеъмолга яроқли? деган савол туғилиши табиий.
– Ҳар бир қовун-тарвуз ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳудуд жиҳатидан қайси туманга қараса, ўша туман ветеринария бўлими томонидан таркибидаги нитрат миқдори махсус жиҳозда аниқлаб берилади, – дейди Сардоба туман ветеринария бўлими бошлиғи Саидмурод Ҳайдаров. – Агар олинган намуна яхши чиқса, шундан сўнг савдога рухсат этилади. Туманимиз ветинария бўлимида 19 нафар ходим меҳнат қилади. Улар барча қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатлилигини доимий равишда текшириб, хавфсизлиги аниқлангач, маълумотнома берилади.
– “Тошкент – Термиз М-39” автомагистрал йулининг “Манас” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи қисмида фуқаролар томонидан йўл бўйида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо фаолиятини амалга ошириш, фуқаролар томонидан карантин қоидаларига амал қилиш ўрганиб чиқилади, – дейди Дўстлик туман СЭО ва ЖС бўлими бошлиғи Эгам Ўсаров. – Ўрганиб чиқиш жараёнида йўл бўйида туман ҳудудидаги 8 нафар фуқаро томонидан ўзлари етиштирган қовун-тарвуз маҳсулотлари билан савдо қилинаётгани аниқланди. Афсуски, баъзи фуқоролар томонидан савдо фаолияти юритилаётган жойда соябон йўқлиги сабабли тартибсиз ҳолда чодирлар қилинган. Сотувчиларнинг кўпчилиги тиббий ниқоблардан фойдаланмасдан хизмат кўрсатмоқда.
Туман СЭО ва ЖС бўлимининг жорий йил 9 августдаги 1/821-сонли расмий огоҳлантириш хати билан барча фуқороларга “COVID-19” га қарши вакцинанинг 1-дозаси 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар, 2-дозаси 1 октябрга ва 3-дозаси 1 ноябрга қадар эмланиши ва сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги нитрат миқдорини аниқлаш учун лаборатория текширувидан ўтказиб тегишли лаборатория хулосаси бўлиши, йўл бўйларини тоза сақлашни таъминлаш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.
Бу ерда тирикчилик қилаётган фуқароларни қоралаш фикридан йироқмиз. Аксинча, уларнинг эркин савдо қилиши, аммо йўл, карантин ва санитария-гигена қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда, сифатли ва арзон маҳсулотлар савдоси билан халқимиз дастурхонини тўкин-сочинлигини таъминлашлари учун шарт-шароит қилиб бериш керак, деган фикрдамиз.
Қолаверса, М-39 йўлининг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидаги мавжуд юздан ортиқ қовун-тарвуз савдо нуқталарининг ҳар бири ўртача 5 тадан иш ўрни яратган бўлса, мавсумий бўлсада, 500 кишининг бандлиги таъминланган. Уларни қўллаб-қувватлаш, зарур шароит яратиб бериш вилоятлардаги мутасаддилар, маҳаллий ҳокимликларнинг муҳим вазифасидир.
<iframe width="1440" height="757" src="https://www.youtube.com/embed/Jx8-xoBQVhQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
А.Қаюмов, ЎзА