Қўштепада IT соҳасига қизиқиш ортмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳаси мамлакатимизда устувор йўналиш сифатида ривожлантирилмоқда. Президент ташаббуси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳудудларда, айниқса, ёшлар учун янги таълим ва касб имкониятларини яратаётир.
Фарғона вилояти Қўштепа туманининг Қийқи маҳалласи ҳудудида фаолият бошлаган “Cahub” замонавий касблар академияси ёшлар ва барча қизиқувчилар учун очиқ таълим масканига айланди. Жорий йил апрель ойидан фаолият бошлаган марказ қисқа вақт ичида 200 нафардан зиёд тингловчини қамраб олди. Айни пайтда академияда компьютер саводхонлиги, веб-дастурлаш, SMM, мобиль видеография ва инглиз тили бўйича замонавий ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Қувонарлиси бу ерда нафақат ўқувчи-ёшлар, балки турли соҳа вакиллари, хусусан, 80 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари ҳам ўз билимини оширмоқда.
[gallery-26877]
Марказ туман ҳокимлиги кўмагида зарур техника воситалари билан таъминланган бўлиб, ўқув жараёни малакали мутахассислар томонидан олиб борилади. Мақсад – ёшларни IT соҳасига жалб этиш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашдан иборат.
Шунингдек, “Cahub” академияси ёнида қарийб 360 миллион сўмлик IT шаҳарча қурилиши ҳам давом этмоқда. Ушбу лойиҳа 2026 йил бошида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, ёшлар учун янги иш ўринлари ва таълим имкониятларини яратади. “Cahub” академияси Қўштепада рақамли тараққиёт ва ёшлар келажагига қаратилган муҳим ташаббус сифатида ўз самарасини бермоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА