Қўшработнинг сув таъминоти яхшиландими?
Қўшработ тумани Самарқанднинг энг олис, тоғ ва даштликдан иборат ҳудуди ҳисобланади. Табиийки, бу ерда аҳоли асосан, лалми деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади. Марказлашган сув таъминоти туман марказида йўлга қўйилган бўлса-да аксарият қишлоқларда одамлар қудуқ сувидан истеъмол қилади.
Президентимиз томонидан Қўшработ туманида Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК халқаро ривожланиш жамғармасининг 29,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ҳамда 6,4 миллион доллар республика бюджети маблағлари ҳисобидан ичимлик сув таъминотини яхшилашга доир қарори қабул қилинди. Бу орқали туманнинг 80 мингдан ортиқ аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш кўзланган эди. 2021 йилгача амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳа доирасида ҳудудда 116 та сув қудуқлари бурғулаш ва 56 та сув иншооти қуриш, 883 километр сув тармоқлари тортиш ва реконструкция қилиш белгиланганди. Бу вазифаларни бажариш учун лойиҳа 8 ЛОТга бўлиниб, 2019 йилда халқаро тендер ўтказилди ва унда Хитой, Озарбайжон, Швейцария компаниялари билан бирга юртимиздаги қурилиш-пудрат ташкилотлари, консорциумлар ғолиб бўлди. Шу асосида ишлар бошланди.
Айни пайтда лойиҳа бўйича асосий ишлар бажарилган. 112 та қудуқ қазилиб, 52 та сув иншооти қурилган. 814 километрлик тармоқ тортилган. Элликдан ортиқ қишлоқ аҳолиси хонадонига сув тармоқлари тортилиб, сув ҳисоблагичлар ўрнатилган. Аммо, пандемия ва бошқа сабаблар билан айрим лотларда ишлар давом этмоқда ва жорий йилда якунига етказилиши режалаштирилган. Юртимиздаги “Suv-taraqqiyot” ва “Neftgazmontaj” консорциуми ҳам халқаро тендерда бешинчи ва еттинчи ЛОТ бўйича ғолиб бўлиб, 16 қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш учун 15 та сув иншооти қуришни ўз зиммасига олган эди. Жумладан, бешинчи лотда Тепалик, Учёғоч, Чиноқ, Қоракисса, Қоратош, Эжкент, Шўрча, Тозғора ва Янги Равот қишлоқларида 16 та артезиан қудуғи қазиш ва 8 та сув иншооти қуриш, 42,2 километр сув тармоғи, 40,1 километр абонент тармоғи тортиш, 700 та сув ўлчагич ўрнатиш белгиланган.
– Бешинчи лотда белгиланган вазифалар деярли бажарилган, – дейди “Suv-taraqqiyot” ва “Neftgazmontaj” консорциуми бош муҳандиси Йўлдош Назаров. – Яъни, 16 та артезиан қудуғи қазилиб, 8 та сув иншооти қурилди ва 2022 йилда босқичма-босқич ишга туширилди. Умумий тармоқ ва аҳоли учун тармоқ тортиш ишлари якунланган. 704 та хонадонга сув тармоғи ўтказилиб, ҳисоблагичлар ўрнатилган. Лекин ҳозирда айрим иншоотларда муаммолар юзага келмоқда ва уларни ҳам тез орада бартараф этиш чораларини кўряпмиз. Жумладан, Қоратош, Янгиравот, Эжкент қишлоқларидаги 214 та хонадонни сув билан таъминлаш учун 3 та артезиан қудуғи қазилиб, иккита сув минораси ўрнатилган. Иккинчи минорадан сув насос ёрдамида аҳолига етказиб берилади. Лекин январь ойидаги совуқ пайтида насос музлаб, ишдан чиққан. Шундан буён аҳолига сув берилмаяпти.
[gallery-11006]
Пудратчи масъулларининг айтишича, бу воситани таъмирлашнинг имконияти бўлмагани сабабли янгисини ўрнатиш режалаштирилган. Лекин қурилма Туркиядан келтирилиши сабабли кечикаётган экан. Учёғоч қишлоғида 2 та артезиан қудуғи қазилиб, 200 метрдан сув чиқарилган. Айни пайтда уларнинг биттасидан фойдаланилмоқда. Иккинчисидан синов пайтида фойдаланилган холос, ҳозирда ишлатилмаяпти. Худди шундай ҳолат Тепалик қишлоғидаги сув иншоотида ҳам кузатилди. 105 та хонадонни сув билан таъминлаш мақсадида қазилган 3 та артезиан қудуғининг биттаси ишламаяпти.
– Қишлоғимиздаги деярли ҳар бир ҳовлида арзезиан қазиб олинган, – дейди Учёғоч қишлоғида яшовчи Ўткир Ғафуров. – Шу орқали томорқани суғорамиз, ўзимиз ҳам шу сувдан ичардик. Ўтган йил қишлоғимизда сув иншооти қурилгач, сув таъминоти яхшиланди. Бу сув қудуқ сувидан ширин, ҳам фойдали экан. Сабаби ҳовлимиздаги қудуқлардан 30-60 метрдан сув чиқарган бўлсак, бу ерда 200 метрдан чиқади. Одамлар ўрганиб қолди, сув ўлчагич кўрсаткичига қараб тўловини қиляпмиз.
Тоғ этагида жойлашган Чиноқ қишлоғининг 126 хонадонини сув билан таъминлаш учун 2 та артезиан қудуғи қазилган ва битта сув минораси ўрнатилган. Минора қишлоқ тепасида ўрнатилган ва бу ерга артезианлардан насос ёрдамида сув ҳайдалади. Сўнгра аҳолига етказилади. Электр таъминотида тез-тез узилишлар юзага келиши сабабли минорани сув билан тўлдириш қийин кечаётганини айтишди. Минорода сув бўлса, аҳоли таъминотида муаммо юзага келмайди.
– Шу пайтгача қишлоларимизда марказлашган сув тармоғи йўқ эди, – дейди Чиноқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холмирза Қаршиев. – Тоғдан келадиган сувдан ёки ҳовлиларимиздаги ўзимиз ўрнатган артезиан сувидан ичардик. Лекин уларнинг сифатига кафолат йўқ эди. Қолаверса, кейинги йилларда ёғингарчиликнинг кам бўлиши сабабли тоғдан келадиган сув ёзнинг ўртасига бориб қуриб қоларди, қудуқлар эса пасайиб кетганди. Ўтган йил иккита артезиан қазилиб, сув иншооти қурилгач бу муаммога барҳам берилди. Ҳозирда ҳар бир хонадонга тармоқ тортилган. Аҳоли сифатли, тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўляпти.
Умуман, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Қўшработ тумани аҳолисини йиллар давомида қийнаб келган муаммога ечим бўлди, сув таъминоти яхшиланди. Бу жараёнда йўл қўйилган камчиликлар, учраётган муаммолар ҳам тез орада бартараф этилишини билдирди масъуллар.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА