Қўшни хатлонликлар Сурхондарёда
Бугун, қўшни Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти делегацияси Сурхондарёга келди.
Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода бошчилигидаги делегация аъзолари икки кун давомида ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтириш юзасилан ўзаро тажриба алмашади. Шу мақсадда меҳмонлар вилоятдаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлади.
“Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази, “Термиз” эркин иқтисодий зонаси, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳамда қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишади. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасида иштирок этади. Сурхондарё вилояти ҳудудлари билан Хатлон вилояти ҳудудлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланади.
Меҳмонларни Термиз туманидаги "Гулбаҳор" чегара-божхона постида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Усмон Туропов бошчилигидаги расмийлар тантанали кутиб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА