Юртимизда рақамлаштириш ва трансформация жараёнлари шиддат билан ривожланмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган асрга нисбатан ахборот алмашинувларининг 10 йили 1 кунга тўғри келаётган экан.
Бу жараёнда ёшларнинг онги ва дунёқараши, тафаккури ҳам шу даража бой ва сермаҳсул бўлиб шаклланиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Мамлакатимиз таълим стратегияси ҳам замон билан ҳамнафас тараққий этар экан, Янги Ўзбекистон ёшлари катта имкониятларни қўлга киритиши шубҳасиз.
Юртимиз илм-фанининг ривожланган давлатлар билан интеграциялашуви орқали қўшма таълим дастурлари ёшларнинг хорижда билим олиши учун катта ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Маълумки, қайси давлатда ёшларига ғамхўрлик қилинмаса, уларнинг сифатли таълим олиши учун шароит, жаҳон талаблари асосида хорижда ўқиши учун имкониятлар яратилмаса, ривожланиш бўлмайди.
Сўнгги олти йилда мамлакатимизнинг бугуни ва эртасини белгилаб берадиган асосий омил — таълим сифатини ошириш, уни халқаро талаблар асосида қайта ислоҳ қилиш, хориж тажрибаси билан интеграциялаштиришга катта эътибор қаратилди ва сезиларли сармоялар ажратилди.
Босқичли тарзда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегиясига” ўтилди. Шу давр мобайнида Янги Ўзбекистонда олий таълим соҳасида туб бурилишлар юз берди. Жумладан, олий ўқув юртлари сони 77 тадан 200 тага етди, уларга қабул 3,5 бараварга ортди. Олий таълимда рақобатни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 24 та хорижий ҳамда 27 тадан зиёд нодавлат олийгоҳлар ташкил этилди. Шу асосда ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 32 фоизга оширилди.
Мамлакатимиз ОТМларига 2023-2024 ўқув йилида қабул кўрсаткичлари жами 465 393 тани ташкил этиб, 2023 йилда 25 та янги ОТМ фаолияти йўлга қўйилди, жумладан, нодавлат олий ўқув юртлари 27 тага, хорижий олийгоҳлар 31 тага, давлат олийгоҳлари эса 112 тага етди.
Соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари сони 27 тадан, жами олийгоҳлар сони эса 170 тадан оширилиши ўтган даврда қўшма таълим дастурлари самарасидир.
Олий таълим жараёни тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтказилиши эса, мамлакатимизда таълим рақамлаштирилиши жадаллашгани ва Европанинг ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) тизими қабул қилинганидан далолат беради.
Хорижий университетларнинг филиаллари Ўзбекистонга кириб келди ҳамда талаблари учун хорижда ўқиш имкониятлари кенгайди, ўз навбатида юртимизга ҳам хорижий талабалар келиб таҳсил ола бошлади.
Бунга олий таълимдаги халқаро нуфузли ОТМлар билан интеграциялашув, кенг жорий қилинаётган инновацион таълим дастурлари ва рақамлаштириш ислоҳотлари катта шарт-шароит яратди.
Самарали мақсадлар йўлидаги ҳаракатларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясига оид фармонда ҳам кўришимиз мумкин.
Унда халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш мақсад қилинган. Бу улуғ йўлда ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун давлат томонидан барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантиришга алоҳида урғу берилган.
Хусусан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш белгилаб берилиб, 100 та чора-тадбирдан 7 та банди айнан олий таълим соҳасининг қўшма таълим дастурларига қаратилган.
Хусусан, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш ва 2030 йилгача эришиладиган мақсадлар самарадорлигига боғлиқ ҳолда таълимни ривожлантириш асослаб берилган.
Белгиланган мақсадлар...
Эслатиб ўтадиган бўлсак, фармоннинг “Таълим тизими ислоҳотлари” бобида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш белгилаб берилган.
Умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси қўйилган.
Халқаро қўшма таълим дастурларини янада кучайтирган ҳолда «Топ-500»га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида «икки дипломли тизим»ни жорий этиш вазифаси кўрсатилган.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишнинг энг устувор йўналиши сифатида 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш кўзланган. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш мақсад қилиб берилган.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатлар аро алмашинув жараёнида минг-минглаб талабларимиз қўшма дастур 3+1 таълим шаклида таҳсил олмоқда. Бу 3 йил Ўзбекистон ОТМсида ва 1 йил (4 ва 6 семестрлар) хорижда ўқиш имконини тақдим қилади.
Қўшма дастурнинг афзаллиги ёшларга икки томонлама диплом тақдим қилиб, келажакда фақатгина Ўзбекистонда эмас, балки бошқа хорижий давлатларда ҳам ишлаш имкониятини беради.
Ўқиш мобайнида турли миллатларга мансуб талабалар билан танишади, дунёқараши бойиб, тажриба алмашади, икки учта тилни ўрганиши мумкин.
Масалан, Москва давлат лингвистика университети ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университетлари 2018 йилда келишув шартномасини имзолаган эди. Мазкур қўшма дастур 3+1 таълим шаклида бўлиб, 3 йил Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида ва 1 йил Москва давлат лингвистика университетида (4 ва 6 семестрлар) ўқитилиши белгилаб қўйилган.
Бундай имкониятни эшитиб, ундан фойдаланишга эришганлардан бири Севара Абдимуродова бўлиб, у қўшма дастур фақатгина Ўзбекистон давлатида эмас, балки Россия давлатида ҳам ишлаш имкониятини беришига қизиққан. Турли миллатга мансуб талабалар билан ўқиш, дўстлар орттириш ва улар билан билим-тажриба алмашиш, икки-учта тилни ўрганиш иштиёқи уни қўшма таълим асосида янги уфқларни кашф этишга ундаган. Шу тариқа Севара қўшма таълим дастури асосида университетни муваффақиятли битирди.
Хулоса қилиб айтганда, қўшма таълими дастурларини интеграциялашган ҳолда ташкил этишда олий таълим муассасаларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, халқаро рейтингдаги ўрни ва таълим сифатини ошириш, назорат қилишнинг инновацион механизмларини кенг жорий этиш муҳим саналади.
Қўшма таълим дастурларига инновацион ёндашган ҳолда университетлар трансформациясини амалга ошириш ва бугун халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, таълим сифатини оширишда халқаро ҳамкорларни қидириш, юқори даражали институтларни, билимларни кашф қилиш ва уларни улашишни методик тахминлаш лозим. Шу билан бирга, янги таълим секторларини ташкил қилиш, халқаро майдонда излаб топиш ва таълим сифатини ошириш мамлакат тараққиёти учун самаралидир.
Олий таълим сифатини таъминлаш бўйича халқаро стандартлар, нормалар ва шакллар асосида фаолият юритиш, уларни “Университет 4.0.” концепцияси бўйича трансформация қилиш, халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтириш, таълим йўналишлари ва мутахассисликларини босқичма-босқич институционал ривожлантириш олдимизда туган энг муҳим вазифалардан биридир.
Нигора Абдуллаева,
ЎзДЖТУ Қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш
бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори