Қоровулбозорда тутзор яратилмоқда
Бухоро вилояти Қоровулбозор давлат ўрмон-ов хўжалиги ҳозирда 3006 гектар ер майдонни ўз тасарруфига олган. Айни кунда ўнга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган чўлқуварлар ўрмон хўжалигида 30 тага яқин кўчат тури кўпайтирилмоқда.
Ўтган йил қишки мавсумдан мазкур ўрмон хўжалиги томонидан 300 мингга яқин кўчат тайёрлашга киришилган. Айниқса, қайрағоч, кулён, сосна, каталпа, межавельник, тут ва ясин кўчатларига талаб юқори бўлгани боис хўжалик буюртмачилар талабига кўра иш олиб бормоқда.


– Жорий ҳафтада тасарруфимиздаги кенг яйловдан 2 гектар ерни алоҳида тайёрлаб, чуқур шудгордан чиқариб, суғориб, маҳаллий ўғитга тўйинтирган ҳолда тутзор плантациясини барпо қилишга киришганмиз, – дейди Қоровулбозор давлат ўрмон-ов хўжалиги директори Умид Фатуллаев. – Техника паркимиздаги “МТЗ-80” русумли трактор ва зарур механизмлар кучидан фойдаланиб, уруғ тўплаш ва қадаш ишларини бошлаганмиз. Бундан мақсад “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш орқали вилоятда пилла етиштиришни янада ривожлантириш, ипак қурти озуқа захирасини яратишдир. Бугун чўлқуварлар заминида экилаётган тут уруғи насиб этса, икки йилдан сўнг навниҳол кўчат ҳолида буюртмачиларга сотилади.
Зариф Комилов,
ЎзА