Қоровулбозорда қовун пишди
Бухоро вилоятининг энг ёш ва чекка Қоровулбозор тумани миришкор деҳқонлар юрти. Меҳнаткаш ва ҳалол, фидойи деҳқонлар пешона тери эвазига ризқ ундириб, эл-юрт дастурхони тўкинлигини таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Туманда май ойининг ўрталарида қовун пишди. Айни кунда таъми тил ёрар ва харидоргир қовунлар туманнинг 1-сектор ҳудудига қарашли “Навбаҳор” маҳалласида етиштирилмоқда. Пишиб меъёрига келганлари пешма-пеш истеъмолчиларга етказилмоқда.

– Ўзимизнинг томорқамизда ҳар йили турли хилдаги полиз маҳсулотларини етиштириб, йилига 60-70 миллион сўм қўшимча даромад олмоқдамиз, – дейди 30 йилдан ошиқ қовун етиштириш билан шуғулланиб келаётган тажрибали деҳқон Иброҳим Муҳаммедов. – Томорқамизга эртапишар қовун навини экканмиз. Ҳосил май ойининг ўрталарида пишиб етилди.

Деҳқонларнинг айтишича, ҳудудда жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб қовун парваришига киришилган. Бунда асосан “Дакара” ва “Аэропорт” навлари танланган. Қоровулбозор далаларида айни кунларда қовун билан биргаликда тарвуз ҳам пишмоқда.
– Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади, – дейди яна бир қоровулбозорлик деҳқон Юсуф Бешимов.

– Бўйи меъёрига етган кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экиб чиқилади. Кунлар исиши билан палаклар баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эртаки ҳосил олиш имконияти ошади.
Зариф Комилов, ЎзА