Қўриқлаш хизматига талаб ошмоқда (+видео)
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятида ҳам аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантириш борасида замонавий ёндашувлар асосида тизимли ишлар ташкил қилинган.
Бу борада, Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик.
Қўриқлаш соҳасига замонавий технологиялар кириб келиши ортидан техник имкониятларнинг ошиши соҳа ҳодимларининг тоифаланган объектларни, давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари, умумий ўрта таълим мактаблари, жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини қўриқлашни янада ишончли тарзда амалга ошириш имконини бермоқда. Бошқарманинг мониторинг маркази ва навбатчилик қисмида қўриқловга олинган барча объектларнинг кузатув ва назорати таъминланган.
Шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда давоматни назоратга олиш мақсадида рақамли технологиялар асосида шахсни аниқлаш тизими йўлга қўйилган. Бу жараён махсус кузатув камералари орқали дарс жараёнларига халал бермаган ҳолда бажарилади.
Таъкидлаш жоизки, мактаблардаги давомат назорати Миллий гвардияга топширилгач, ўтган вақт давомида Жиззах вилоятида мактаб ўқувчиларининг давомати 81,6 фоиздан 98 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, 2024 йилнинг 1 апрелигача турли сабабларга кўра, ноқонуний тарзда хорижга чиқиб кетган 156 нафар мактаб ўқувчилари яшаш жойига қайтарилиб, ҳозирда уларнинг ўз ҳудудларидаги таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириши таъминланган.
2023 йилнинг 1-чорак якунларига кўра, Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда 7 та жиноят фош этилган. 3 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 8 нафар бедарак йўқолган шахснинг топилишига эришилган.
Вилоятнинг барча ҳудудларидаги йирик савдо комплекслари, истироҳат боғларида жамоат тартибини сақлаш мақсадида кузатув камералари билан бир қаторда, "ташвиш" тугмалари ҳам ўрнатилган. Шунингдек, йўналишли патруллик хизмати ҳам жорий қилиниб, қўриқловнинг ишончлилиги янада оширилган.
Тунгги йўналишда аҳоли гавжум жойларда ва марказий кўчаларда, хиёбонларда жамоат тартибини сақлашга масъул ходимлар пиёда ва махсус автомобилларда ўз вазифаларини амалга оширадилар. Ҳар бир ҳодим ўз ҳудудидаги вазият ҳақида белгиланган вақтда навбатчилик қисмига ахборот бериб боради.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/MvYW7s19zXo" title="Qoʻriqlash xizmatiga talab oshmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Жиззах вилоятида қўриқлаш хизматига талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилда вилоятда 700 га яқин объектлар қўриқловга олинган бўлса, бугунга келиб бу кўрсатгич 2101 тага етди ва бу жараён давом этмоқда.
Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов, М.Юсупов (видео), ЎзА