Қорга бурканган тоғли қишлоқда бир кун (+видео)
Қиш чилласининг изғиринли кунлари бироз чекиниб, қаҳратон совуғи ортда қолган бўлса-да, ҳали тоғ йўлларида транспортда ҳаракатланишнинг ўзи бўлмайди. Ўнқир-чўнқир йўлларда қор уюмларига, яхмалакларга дуч келасиз.
Қуёш бўй кўрсатяпти, унинг илиқ тафти бугунгидек сезилмайдиган аёзли об-ҳаво шароитида ҳам “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ва унинг туман бўлимлари ходимлари олис, бориш оғир бўлган тоғ қишлоқларидаги истеъмолчиларга уларнинг маиший эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ етказиб бермоқда.
Осмонўпар бу тоғлар қўйнига йўлингиз тушиб, шу кунларда Сариосиё туманидаги Ҳисор тоғ тизмалари бағрига келиб қолсангиз, оппоқ қорга бурканган гўзал манзаралар сизни беихтиёр мафтун этади. Музлаган Тўпаланг сув омбори чиннидек товланади. Она табиатнинг момиқ либосига ўранган баланд қояларда хомуш ўй сураётган баҳайбат арчаларни, сув томчиларидан ҳосил бўлган турфа кўринишдаги сумалакларни томоша қилгач, ҳайратингиз ошади. Сизга йўлдош бўлган газчилар эса табиатнинг бу қудратига парво ҳам қилмаётгандек туюлади. Чунки, тоғли, узоқ қишлоқларга элтгувчи ўнқир-чўнқир бу йўллар ва тоғнинг фаслга қараб товланувчи гўзал манзараларига кўзлари кўникиб қолган.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида қиш ва баҳорда бориш анча мушкул бўлган 56 та қишлоқ бор. Уларнинг ўнга яқини Ҳисор тоғ тизмалари қўйнидаги Сариосиё туманида жойлашган.
– Республикамизда шунақа совуқ ҳаво кузатилаётган пайтда биз газ маҳсулотини халқимизга узлуксиз етказиб беряпмиз, – дейди “Сариосиётумангаз” бўлими ходими Азиз Тоғаев. – Ёмғир, қор бўладими вилоятимизнинг Сариосиё туманида ўнлаб тоғли, олис қишлоқларига газ баллонлари етказиб келяпмиз. Бунга Сангардак, Шош, Хубон, Хўжасмин, Маланд қишлоқларини мисол келтириш мумкин.
Аслида камтарин, камгап бу инсонларни ўз касбининг фидойилари, кун қаҳрамонлари, дея атасак ҳам хато бўлмайди. Газ баллонлари юкланган махсус транспорт воситаси Сариосиё тумани марказидан 70 чақирим олисдаги Кундаижувоз қишлоғи аҳолисига суюлтирилган ёқилғи етказиб бериш учун қорли, қияли йўлдан баланд тоғ бағрига йўл олди. Йўл-йўлакай чекка ҳудудда жойлашган якка хонадонларга ҳам суюлтирилган газ баллон топширилди. Шу зайлда 50 километрча йўл босиб, Тўпаланг сув омбори тепасига кўтарилди.

– Айни вақтда биз денгиз сатҳидан 3 минг 832 метр баландликда Тўпаланг сув омборининг тепа қисмидамиз, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Азиз Машрабов. – Бундан бир неча йил илгари ушбу сув омбори орқали махсус катерлар яъни қайиқлар орқали Кундаижувоз қишлоғига суюлтирилган газ баллон олиб келинар эди. Ҳозир тепа қисмида автомобиль йўли барпо этилган. Лекин қиш мавсумида ушбу йўллардан юриш анчайин қийин. Тор ва қияликларга қараб кетган йўллар ўнқир-чўнқир. Бу йўллар қор ёққан мавсумда музлаб қолади. Шундай бўлишига қарамасдан газ ходимлари қишлоқдаги 45 хонадонга махсус автотранспорт воситаларида газ баллон етказиб беради.
Сув омбор бўйида янги қурилган йўл орқали эҳтиёткорлик билан олдинга ҳаракатланган махсус автомашина яна 20 километрча йўл босиб, Кундаижувоз қишлоғига етиб келди. Газчилар 45 хонадонда истиқомат қилаётган 140 дан ортиқ истеъмолчига маиший газ баллонларни тарқатар экан, улардан ҳол-аҳвол сўраб, суюлтирилган газдан тўғри фойдаланиш ва тўлов тартибларини тушунтирди. Қишлоқ одамларининг самимий дил сўзларидан совуқни ҳам чарчоқни ҳам унутгандек бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ptNVLB3XVW8" title="Қорга бурканган тоғли қишлоқда бир кун" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Уйларимиз баланд тепаликларда жойлашган, – дейди Кундаижувозлик Акмал Қурбонов. – Ходимлар газни ўз вақтида етказиб беряпти. Бунинг учун газчиларга миннатдорчилик билдирамиз. Кўриб турибмизки, ҳаво 15-20 даража совуқ. Шунга қарамасдан газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. Тоғликлар жуда хурсанд.
Сариосиёлик фидойи газчилар навбатдаги манзилда Кундаижувоздан ҳам бориш янада қийинроқ бўлган Маланд қишлоғига йўл олади.
Холмўмин Маматрайимов, Нилуфар Бозорова, ЎзА