Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Джумамуратов Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасида соҳа мутахассислари билан учрашди.
Унда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувда белгиланган мақсад ва вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Учрашувда солиқ тўлаш тизимини соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, кичик ва ўрта бизнес тадбиркорларининг солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш, шунингдек, аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича мутахассисларнинг таклифлари тингланди.

***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси Н.Балтабаева ва институт профилактика инспектори А.Бекбергенов мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятига, шунингдек, мамлакатимизда хавфсиз ҳудудни яратиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик бўйича қилинаётган чора-тадбирларга тўхталди.
Учрашувда талаба-ёшлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

***
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Бахитбай Алдамуратов Чимбой тумани “Кенес” овул фуқаролар йиғинида жойларда сайловчилар, тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳа вакиллари билан учрашди.
Унда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлаш борасида давлат даражасида қаратилаётган эътибор, давлат дастурларининг мазмун-моҳияти, тадбиркорлар учун имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Учрашув давомида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва муаммолари ўрганилди. Шунингдек, халқ вакили яшиллик даражасини янада ошириш, “Долзарб бир ойлик” тадбири доирасида ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш йўналишида тумандаги “Тоза ҳудуд” унитар корхонаси томонидан олиб борилган ишлар билан ҳам танишди.
Депутат томонидан “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси туман бўлими томонидан олиб борилган реконструкция ва ички ариқларни бетонлаш ишлари, энг чекка ҳудудлардаги истеъмолчиларга сув етказиб беришда суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник биноларнинг ҳолати кўздан кечирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.