Элликқалъа туманидаги “Сарабий” овулида янги маҳалла мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туманда бир қатор янги объектлар қурилиши белгиланган эди. Хусусан, 4 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига “Сарабий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида маҳалла мажмуаси биноси қуриб битказилди.
Қарор ижроси доирасидаги ишлар қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

***
Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғинида “Нукус бройлер” корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев иштирок этиб, йиғилганларни янги корхонанинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.
Умумий 40 миллиард сўм маблағ ҳисобидан ишга туширилаётган корхонада йилига 1 минг 920 тонна товуқ гўшти етиштирилади. Ҳозирги вақтда ҳудудда яшовчи 35 нафар кишининг бандлиги таъминланган бўлиб, корхонанинг тўлиқ қувватда ишга тушиши билан 100 га яқин янги иш ўрни яратилади.

***
Нукусда “Иқтидор мактаб ансамбли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Унда шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларидан жами 120 нафардан зиёд ёш иқтидор эгалари иштирок этди.
Танлов якунида Қораўзак туманидаги 28-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Мухаллес” гуруҳи биринчи, Чимбой туманидаги 40-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Саҳро булбуллари” гуруҳи иккинчи ва Қўнғирот туманидаги 20-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Ёш иқтидорлилар” гуруҳи учинчи ўринларни эгаллади.
Ғолиб бўлган Қораўзак туманининг “Мухаллес” гуруҳи кўрик-танловнинг Ўзбекистон Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Амударё ҳамда Тўрткўл туманлари бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда табиий газдан ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди.
Жумладан Департаментнинг Амударё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро И.П. хонадонида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 177,7 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди. Департаментнинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро С.А. хонадонида электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, 146,9 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири.