Зотан, эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди
Президентимизнинг халқимизга Мурожаатномасида Қорақалпоғистонда шу йил ёз ойида содир бўлган нохуш воқеалар бутун эл-юртимизни қаттиқ қайғуга солгани эслаб ўтилди. Худога шукр, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди, деди давлатимиз раҳбари.
“Биз учун “Қорақалпоғистоннинг ютуғи – бутун Ўзбекистоннинг ютуғи, Қорақалпоғистоннинг ташвиши – бутун Ўзбекистоннинг ташвиши” деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир”, деб алоҳида эътироф этилди.
Қорақалпоғистонга сафаримиз давомида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Бахтияр Торебеков билан шу мавзуда суҳбатлашдик:
— Байрам тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш, байрам кунлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида 22 жойда арча ўрнатилган, - деди Б.Торебеков. - Байрам тантаналари бўладиган жойларда тинчлик, осойишталикни сақлаш мақсадида 1,5 мингга яқин ички ишлар ходимлари жалб этилган. Улар зарур техника ва куч воситалар билан таъминланган.
Ҳозирги вақтда республикамиз ҳудудида вазият яхши, халқимизнинг кайфияти яхши. Норозилик ёки хавф-хатарлар йўқ.
Байрамни халқ ичида тинч ўтказиш мақсадида ички ишлар соҳавий хизматлари томонидан 2022 йил 5 декабрдан бошлаб “Антитеррор” тозалаш тадбирлари олиб борилди. 18 минг 200 объект, 89 минг хонадон жамоатчилик фаоллари билан бирга бирма-бир кўздан кечирилди.
2022 йилнинг 11 ойи давомида қидирувга берилган 132 нафар шахс топилиб, ушланди ва тергов бўлимларига топширилди.
Психотроп воситаларини ноқонуний сақлаган ва ўтказган юз нафар шахс қўлга олинди ва улардан 8 кг миқдорида турли гиёҳвандлик воситалари олинди.
Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқароларимиз ўз ихтиёри билан 344 ов қуроли, 170 ўқ-дориларни ички ишлар органларига топширди.
12 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланиб, улар ўз уйларига қайтарилди.
57 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, айбдорлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилди.
Шу билан бирга фақат жиноятчиликка қарши курашиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Аҳоли орасида сайёр судлар ташкил этилмоқдаки, бундан кўзланган мақсад аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, сабоқ олишига шароит яратишдир.
Мактабларда 120 нафар психолог-инспекторларимиз бор, улар ёшлар орасида соғлом муҳитни яратиш, зарарли одатлардан эҳтиёт бўлиш, хусусан, пиротехника воситаларини ишлатишнинг оқибатларини тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу жараёнда пиротехника воситаларини аниқлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. 89 минг дона шундай воситалар қўлга олинди.
— Ҳеч кимга сир эмаски, Қорақалпоғистонда нотинчликлар бўлди. Бу ҳолатнинг оқибатларини бартараф этиш, шундай ҳаракатларнинг қонунчиликка тўғри келмаслигини аҳолига тушунтириш, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Ҳақиқатан ҳам 2022 йил 1 - 2 июль кунлари Қорақалпоғистонда кўнгилсиз ҳодисалар рўй берди. Бу тарихда қора тамға бўлиб қолган воқеалар, десак хато бўлмайди. Бу воқеалар иштирокчилари қўлга олинди. Кейинчалик 102 нафар шахс жамоатчилик кафиллиги асосида озод қилинди. 61 шахсга нисбатан эса суд жараёни давом этмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Қорақалпоғистон халқининг 34 фоиз қорақалпоқлар, 43 фоизини ўзбеклар, 17 фоизини қозоқлар ва қолгани бошқа миллатлар вакиллари ташкил этади. Халқимизда орасида аслида миллатчилик йўқ, мисол учун бир уйда тўрт келин бўлса, улар турли миллатдан бўлиши оддий ҳол.
Айни пайтда республикамизда “Обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Халқнинг яшаш шароити кейинги йилларда анча яхшиланди. Фақат Нукус шаҳрини олиб кўрадиган бўлсак, шу йилнинг ўзида 500 км. дан ортиқ йўллар таъмирланди.
Бошқа ҳудудларда электр энергияси таъминоти яхшиланди. Газ қувурлари тортилди. Халқнинг яшаш даражаси яхшиланди.
Ҳозирги кундаги шарт-шароитларни бизнинг болалик давримизга солиштирсак, ер билан осмонча фарқи бор.
Қанчалаб инвестициялар киритиляпди, қанчалаб иш ўринлари яратилмоқда.
Президентимиз 2022 йил сентябрь ойида Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантиришга оид қарорни имзолади. Шу ҳужжатда ишбилармонликни ривожлантириш, инвестиция киритиш бўйича кўплаб имтиёзлар берилди. Бунинг натижасида иш ўринлари ташкил этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси халқ учун.
— Ўша воқеаларда провокацион ҳаракатлар, таъсирлар роль ўйнади, албатта. Ички ишлар ходимлари кузатувлар олиб борганми? Нега вақтида чоралар кўрилмаган?
— Ҳақиқатан, бу воқеаларда ташқи кучлар таъсири бўлди, албатта. Хизмат тақозоси билан кўп нарсани айтиб бера олмаслигим мумкин. Чунки хизмат, тергов сирлари бор. Ҳаммаси суддан кейин ойдинлашади.
Ҳозирги пайтда шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ёшлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг онгу тафаккурида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, Ўзбекистоннинг фарзандиман, деган ғояни уларнинг онгига сингдириш бўйича кўп ишлар олиб борилмоқда.
Иккинчидан, ахборот технологиялари асосида иш олиб бориш бўйича ҳаракат қилинмоқда. Шу мақсадда янги бўлим очилди. Улар куни тун иш олиб бориб, интернет тармоғи, хусусан, ижтимоий тармоқларни кузатиб бормоқда.
— Демак, провокацион ва диний экстремистик руҳдаги ҳолатлар аниқланганда, уларга нисбатан чора кўрилади, шундайми?
— Ҳа, албатта, шундай ҳолатлар аниқланганда тезкорлик билан чора кўрилади. Энг аввало, фаолият нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчиликка даъват қилмоқчи бўлган шахслар аниқланса, албатта қонуний чора кўрилади.
— Қорақалпоғистонда қайси жиноятлар кўпроқ содир этилди, қайси жиноятларнинг олди олинди?
— Юқорида айтганимдек, ҳар олтинчи жиноят йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлардир. Фирибгарлик жинояти ҳам кўпайган. Сабаби – ахборот технологиялар ривожи, пластик карталар билан муомала қилиш кўпайгани сари пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайди (жами жиноятларнинг 15 фоизи). Бундай жиноятлар аниқланмоқда, чора кўрилмоқда. Ўғрилик жинояти ҳам кам эмас (жами жиноятларнинг 12 фоизи).
— Бундай жиноятнинг олдини олиш бўйича қандай ишлар қилинаяпти?
— Жиноятларнинг олдини олиш бўйича амалий ишлар қилинаяпти. Банкдан пластик карта олаётган фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилаяпди. Уяли алоқа операторлари орқали ҳам огоҳликка даъват этувчи, яъни бегона шахслар пластик карта рақами ёки кодни сўраганда, бермаслик кераклиги ҳақида смс-хабарномалар юбориш йўлга қўйилган. Жамоатчилик орасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, энг муҳими, Қорақалпоғистонда бугун тинчлик, фаровонлик. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди.
Чунки бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир. Биз жонажон Ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз. Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимизни жадал давом эттирамиз!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UEgTl3fOxzs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Норгул Абдуримова,
Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА