Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида масъуллар ва тадбиркорлардан иборат делегация айни кунларда Татаристоннинг Қозон шаҳрида амалий сафарда.
Дастлаб Қозон Экспо халқаро кўргазма мажмуасида Татаристон Республикаси савдо-саноат палатаси бошқаруви раиси Ш.Агеев билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Россия Федерацияси ва Қорақалпоғистондан ташриф буюрган 100 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди.
Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, Қорақалпоғистоннинг инвестицион жозибадорлигини орттириш борасида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг имкониятлар, истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш учун яратилган шароитларни қайд этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестицион, ижтимоий соҳалар ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда кенгайтириш бўйича кенг кўламли чоралар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари билан қатор йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мазкур алоқалар янада мустаҳкамланиб бормоқда. Шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Татаристон Республикаси ўртасида бугунги кунда яқин шериклик муносабатлари ўрнатилганлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида ҳамкорлик доирасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион лойиҳалар устида ҳамкорликда ишлаш, товар алмашинувини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Шу куни делегация аъзолари Қозон Экспо халқаро кўргазма мажмуасида Қурилиш ва пардозлаш материаллари технологиялари ҳамда жиҳозларининг халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасида иштирок этди. Бу ерда Россия Федерациясининг 14 та вилояти ва Татаристоннинг 7 та шаҳридан ташриф буюрган иштирокчилар ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, тадбирнинг юқори даражада ташкил этилганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Ушбу кўргазма қурилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш ва ҳудудларимиз ишбилармон доиралари ўртасида бизнес майдон бўлишини таъкидлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири