Қорамой – нефть, туризм ва дўстлик манзили
Илгари Шинжоннинг Қорамой шаҳрида Хитой-Марказий Осиё мамлакатлари журналистларининг форуми, унда муҳокама этилган масалалар ҳақида хабар берган эдик. Ташкилотчилар форум иштирокчиларини Қорамой шаҳри билан таништирдилар.
Саҳродан бунёд бўлган замонавий шаҳар тажрибаси Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги учун ҳам янги имкониятлар очмоқда.
Хитойнинг ғарбида, Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудида жойлашган Қорамой шаҳрига қадам қўяр экансиз, аввало, инсон тафаккури ва меҳнати билан бунёд этилган улкан ўзгаришларга гувоҳ бўласиз. Бир вақтлар қум барханлари ва қуруқ саҳро ҳукмрон бўлган бу замин бугун замонавий бинолар, яшил хиёбонлар, обод кўчалар, саноат корхоналари ва сайёҳлик масканлари билан кўзни қувонтиради.
Қорамой номи уйғур тилидан таржима қилинганда «қора мой», яъни нефть маъносини англатади. Дарҳақиқат, шаҳарнинг тақдири, иқтисодий қиёфаси ва тараққиёт йўли ана шу табиий бойлик билан чамбарчас боғлиқ. 1955 йилда бу ерда йирик нефть конининг очилиши Хитой саноати тарихида янги саҳифа очди. Нефть қазиб олиш билан бошланган жараён йиллар давомида мураккаб саноат инфратузилмаси, замонавий шаҳарсозлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг шаклланишига олиб келди. Бироқ Қорамойнинг бугунги қиёфаси фақат нефть билан белгиланмайди. Шаҳар ўз иқтисодий имкониятларини кенгайтириб, рақамли технологиялар, замонавий энергетика, туризм ва экологик тараққиётга ҳам катта эътибор қаратмоқда.

Қорамойнинг энг катта ютуқларидан бири оғир табиий шароитга қарамай, инсон яшаши учун қулай муҳит ярата олганидир. Ҳудуддаги қуруқ иқлим, сув танқислиги ва кучли шамолларга қарамай кўкаламзорлаштириш, сув иншоотлари барпо этиш, боғ ва хиёбонлар яратиш орқали шаҳарнинг экологик муҳитини яхшилашга эришилган. Қорамой кўчаларидаги дарахтзорлар, сайилгоҳлар, сунъий сув ҳавзалари ва замонавий турар жойлар бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар самарасидир. Бу тажриба Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли. Айниқса, Оролбўйи, Қизилқум, Устюрт каби сув ва иқлим муаммолари мавжуд ҳудудларда яшил майдонлар барпо этиш, сувдан тежамкор фойдаланиш ва шаҳар муҳитини яхшилаш борасида Қорамой тажрибаси қўл келиши мумкин.

Қорамойни Хитойнинг муҳим энергетика марказларидан бирига айлантирган асосий омил унинг бой нефть ва газ захираларидир. Бироқ замонавий иқтисодиётда табиий бойликнинг ўзи етарли эмас. Уларни самарали қазиб олиш, қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илм-фан ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Қорамой ана шу йўналишларда ривожланишга интилмоқда. Нефть-газ саноати билан бир қаторда рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва янги энергетика тармоқларининг ривожланиши шаҳарнинг келгуси тараққиёт истиқболларини белгиламоқда. Ўзбекистон учун ҳам бу йўналишлар бегона эмас. Мамлакатимизда нефть-газ саноатини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, саноатни диверсификациялаш ва қайта ишлаш тармоқларини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Шу маънода, Қорамой билан ҳамкорликни фақат савдо-иқтисодий алоқалар доирасида эмас, балки технологик тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш мумкин.


Қорамойнинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг сайёҳлик салоҳиятидир. Шаҳар атрофидаги табиий манзаралар, геологик ёдгорликлар ва ноёб ландшафтлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, шамол ва табиий эрозия таъсирида ажойиб шаклларга кирган Урхэ «Жинлар шаҳри» сайёҳлик маскани диққатга сазовордир. Душанцзи катта дараси ҳам ўзининг ҳайратланарли манзаралари билан машҳур. Қорамойнинг Қора мой тоғи эса шаҳар тарихининг рамзи сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бундай масканлар саноат туризми билан бирга табиат ва геологик туризмни ривожлантириш имконини беради. Ўзбекистонда ҳам бундай йўналишлар учун имкониятлар катта. Фарғона водийсининг тоғли ҳудудлари, Шоҳимардон, Сўх, Риштон, Марғилон, Қўқон каби тарихий ва сайёҳлик манзиллари мамлакатимизга келаётган хорижий меҳмонлар учун жозибадор масканлардир. Қорамойнинг туристик ташкилотлари билан Ўзбекистон туроператорлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро саёҳат йўналишларини ишлаб чиқиш, журналистлар ва блогерлар иштирокида ахборот сафарларини ташкил этиш бу борада амалий натижалар бериши мумкин.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар бугун стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Икки мамлакат ўртасида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тобора кенгаймоқда.
Бу жараёнда ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир ҳудуднинг ўз иқтисодий салоҳияти, маданий мероси ва ўзига хос тараққиёт тажрибаси бор. Қорамой билан, масалан, Фарғона вилояти ўртасида журналистлар, ижодкорлар, тадбиркорлар ва туризм соҳаси вакиллари алмашинувини йўлга қўйиш ана шундай амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлиши мумкин. Ўзбекистон ва Хитой ҳудудий нашрлари ўртасида қўшма лойиҳалар, мақолалар алмашинуви, фотокўргазмалар ва видеолавҳалар тайёрлаш орқали халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш мумкин. Ахир журналистиканинг энг муҳим вазифаларидан бири халқларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари ва ютуқларини бир-бирига танитиш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдир.

Қорамой тажрибасига назар ташлар эканмиз, бир муҳим хулосага келиш мумкин: шаҳарнинг келажаги фақат табиий бойликларга эмас, балки инсон капитали, илмий салоҳият, замонавий технологиялар ва оқилона бошқарувга ҳам боғлиқ.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Хитойнинг Қорамой шаҳри.