Қоракўлда уч авлод вакиллари учрашди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, халқ хўжалиги соҳаларида меҳнати синган нуронийлар ҳамда ёшлар жам бўлди.
Дастлаб иштирокчилар Қоракўл туманида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан таништирилди. Меҳмонларнинг дастлабки манзили туман марказидаги “Хўжалар” маҳалласида қад кўтараётган кўп қаватли уйлар бўлди. Қурувчилар томонидан меҳмонларга туман аҳолисини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида барпо этилаётган мазкур уйларнинг қурилиш жараёнлари ҳақида батафсил ахборот берилди. Шундан сўнг, меҳмонлар “Янги Ўзбекистон” массивида жорий йилда қуриб фойдаланишга топширилган 330 ўринли мактаб биносида яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Уч авлод вакилларининг кейинги манзили Қоракўл тумани “Чекирчи” маҳалласида саховатпеша инсонлар кўмагида бунёд этилаётган “Қобул ота” жомеъ масжиди бўлди. Яқин вақт ичида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган мазкур масжиднинг умумий майдони 1 гектарга яқин бўлиб, икки қаватдан иборат бўлади. Масжиднинг ички сиғими 5 мингдан ортиқ намозхонга мўлжалланган. Ҳовли билан ҳисоблаганда 10 минг киши бир вақтнинг ўзида ибодатни амалга ошириши мумкин. Масжиднинг ўртасида 37 метр баландликда гумбаз қилиниб, бинонинг олд қисмида 41 метр баландликдаги иккита минора қад кўтаради. Шунингдек, бу ерда замонавий таҳоратхона, имом хатиб, ноиб, мутавалли, муаззин ва бошқа ходимлар учун барча қулайликларга эга маъмурий бино ҳам бўлиши кўзда тутилган.
Учрашув Қоракўл тумани маданият маркази томоша залида Бухоро вилояти мусиқали драма театри актёрлари томонидан шоир ва драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий асари асосида режиссёр Лазиз Наврўзов томонидан саҳналаштирилган “Туҳматчилар жазоси” номли спектакл томоша билан давом этди. Шундан сўнг, уч авлод вакиллари учун “Муҳташам” тантаналар саройида байрам дастурхони ёзилди.

Тадбирда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров сўзга чиқиб, сўнгги йилларда халқимизнинг турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг аҳамиятига тўхталди. Кексалик гаштини суриш баробарида эл-юрт равнақи йўлида меҳнат қилиб келаётган нуронийларга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Учрашувда сўзга чиққан кўпни кўрган нуронийлар халқимиз ҳаёти ва турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборган кўплаб эзгу ишлар, келажакни барпо этишда ёшларнинг ўрни қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди. Ёшлар ҳам юртимизда уларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида гапирди.

Туман маданият бўлими томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
Бундай учрашувлар ёшларимизга кекса авлод вакилларининг ҳаёт ва меҳнат фаолияти даврида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик йилларида кечирган ўзига хос қийинчиликлари билан яқиндан танишиб, ҳаётий хулосалар чиқаришида муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА