Андижон тумани Бўтақора қишлоғида жойлашган ушбу зиёратгоҳ ХVI аср охири ХVII аср бошларида яшаб ўтган улуғ аллома, пиру устоз, сўфийлик, тариқат, тасаввуф илмининг билимдони Офоқ Хожа ҳазратларининг муридларидан бири Қорабош ота номи билан боғлиқ.
– Қорабош ота ҳазратлари авлиё, кароматгўй, тақводор, сўфийлик таълимоти, нақшбандия тариқати соҳиби бўлган, – дейди мутахассис-олим Дилшодбек Юсупов. – Ул зот қашқарлик қутби олам хожаси Офоқ Хожадан тариқат илмини эгаллаб, етуклик мақомига эришгач, устозидан оқ фотиҳа олади ва ҳидоят йўлида сафарга чиқади.
Сафар чоғида устози билан ғойибона суҳбатларидан бирида Аллоҳнинг иродаси ва илми хосияти билан Пиру комил Қашқарда туриб, “Бўтам қара” дея бир қишлоқни кўрсатади. Хаёлан тасаввур этган қишлоқ Бўтақора қишлоғи эди. Ана шундан сўнг Қорабош ота бир неча муқаддас булоқлар чиқиб турувчи ушбу сўлим қишлоқни ўзига макон қилади. Ривоятларга кўра, Аллоҳнинг инояти билан унинг изидан ариқ пайдо бўлган.

Айни кунда қишлоқдаги икки минг йиллик тарихга эга қабристон, унинг пойидаги зиёратгоҳ ва асрлар давомида қишлоқни обиҳаёт билан таъминлаб келган ариқ Қорабош ота номи билан юритилади. Зиёратгоҳда қадим даврлардан буён одамлар Аллоҳдан диний, дунёвий тилаклар ижобатини, тани сиҳатликни тилаб, турли маросимлар ўтказиб келади. Хушҳаво, хушманзара ва сўлим жой сифатида эъзозланган.
Зиёратгоҳда иккита шифобахш булоқ бор. Бири “Катта булоқ”, иккинчиси эса “Қизбулоқ” деб номланади. Булоқлар ва улар атрофидаги асрларга тенгдош кўҳна дарахтлар сабаб бу табаррук масканда доимо мўътадил иқлим ҳукм суради.

Булоқдан жануброқда, қабристон четида ўтган аср охирларида қайта тикланган уй ва уйнинг ёнида эски қабр ўрнида ковланган ертўла бор. Уй атрофида ўтган асрнинг 60-йилларида ХIV асрга оид бир қабртош (“Қайроқ тош”) топилган ва у ертўлада сақланган. Ҳозирда ушбу қабртош Андижон вилояти тарихи ва маданияти музейидан жой олган.
Қабртошда юксак хаттотлик санъати билан сулс хатида битилган ёзув бўлиб, мазмуни қуйидагича: “Ушбу мунаввар қабру муаттар жойга ҳижрийда етти юз йигирма уч бўлганда (мелодий1323) сафар ойнинг ўн тўққизида етмиш беш ёшда вафот этган Саййид Хусайн бинни Муҳаммад бинни Муҳаммад ал-Бухорий қўйилдиким, бу шахс шаръиат соҳасида донишманд, ҳаким, қатор илму фанларни Маккада бўлган чоқларида ўзлаштириб эгаллаган. Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в), халифа Али авлодидан, ҳақиқий дин учун курашиб ҳаёти ва фаолияти давомида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган, ислом аҳли ичида забардастлиги билан танилди (Аллоҳ унга ёр бўлсин)”.

Қорабош отанинг ҳақиқий исми каби унинг жисми қўйилган қабри ҳам номаълум. Бу зоти муборак номида мақбара, сағана тиклангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Зиёратгоҳ ёз мавсумида узоқ-яқиндан келган дам олувчилар, турли яра, тошмаларга шифо истаб келувчилар билан гавжум бўлади.
Кейинги йилларда бу ерда бир қатор ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, зиёратчилар учун қулайликлар яратилган. Бироқ бу борада қилинадиган ишлар талайгина.
Қорабош ота зиёратгоҳи диққатга сазовор жой, маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари