Қорабайир отлари чопқир, кучли ва чиройли
Қадим-қадимдан халқимиз отни ўзгача қадрлаб, ундан улов сифатида, дала юмушларида кенг фойдаланиб келган, от воситасида кўпкари, пойга каби турли миллий ўйинларни ташкил этган. Энг сара, бақувват, эпчил ва зийрак отлар ана шундай мусобақаларда сараланиб, довруғи гир атрофга ёйилган.
Халқ селекцияси маҳсули бўлган ана шундай от зотларидан бири қорабайирдир. Ушбу зот ўзгарувчан табиий-иқлим шароитига мослашувчанлиги, чопқирлиги, кучлилиги билан ажралиб туради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қорабайир ўзининг қатор биологик хусусиятлари билан бошқа зотлардан устунликка эга. Яъни тоғ шароитига яхши мослашади, иссиқ ва совуққа бардошли. Пойгада, айниқса, узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда бошқа зотлардан асло қолишмайди. Миллий от спорти мусобақаларида эса унга тенглашадигани топилмайди. Қолаверса, мазкур от ўта хушбичим, тана тузилиши қотма, тўши кенг, бўйни қисқа бўлса-да, анча йўғон, қарчиғайи унча баланд эмас, оёқлари нисбатан узун бўлиб, юрганида, чопганида янада кўркамлик касб этади. Ранги, асосан, тўриқ, жийрон, кўк, малла, қора, чавкар, шунингдек, саман тусда бўлади.

Эътиборли томони, бугун халқимизнинг фахри бўлган ана шу тарихий отларнинг довруғини тиклаш, айниқса, зотдор қорабайир отларини кўпайтириш, шу асосда мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фаолият юритаётган “Яккабоғ қорабайири” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ҳам қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган. Айни пайтда жамият тасарруфидаги хўжаликда 300 дан ортиқ қорабайир отлари парваришланмоқда.

– Отларни ёши, имкониятларига қараб бир неча гуруҳларга бўлганмиз, – дейди жамият раиси Маҳматқул Қудратов. – Масалан, кўпайтиришга мўлжалланган 200 та йилқиларимиз йилнинг аксарият вақти тоғда, яйловда бўлади. Бир ёшгача бўлган юзга яқин тойни алоҳида парваришлаяпмиз. Отчилик мажмуамизда эса асосан улоқчи отлар боқилмоқда. Уларга қарайдиган ишчиларимиз ҳам аслида чавандоз йигитлар. Ҳар бир полвонимиз ўзига бириктирилган отни ўзи парваришлаб, кўпкарига ҳам ўзи минади.
Маҳматқул Қудратовнинг таъкидлашича, жамият тасарруфидаги хўжаликда кўпайтирилган қорабайир зотли отлар шартнома асосида аҳоли, отчилик хўжаликларига етказиб берилмоқда.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА