"Қора дори – 2021" назорат-рейд тадбирлари
Республика ҳудудида гиёҳвандлик моддалари ҳисобланган ўсимликларни етиштириш, сақлаш, сотиш ва бошқа ҳолатларига чек қўйиш мақсадида ИИВ ва вазирликнинг қуйи тизимлари томонидан «Қора дори –2021» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.
Вилоят ИИББ ахборот хизмати маълумотига кўра, шу кунларда Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ ходимлари томонидан Зангиота туманида ўтказилган назорат-рейд тадбирида бир нечта ҳолатлар аниқланди. Жумладан, Навқирон маҳалласида яшовчи 1971 йилда туғилган М.Э. яшаш уйи томорқасида гиёҳвандлик ўсимлигини етиштираётгани ва уйида вазни тахминан 2 килограмм бўлган марихуана гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, Бодомзор маҳалласида яшовчи 1980 йилда туғилган Ш.И. ва Туркистон маҳалласида яшовчи 1966 йилда туғилган С.К.лар ҳам яшаш уйларининг томорқасида ноқонуний равишда гиёҳвандлик ўсимлигини етиштираётгани аниқланиб, тегишли тартибда йўқ қилинди.
Ҳозирда вилоят бўйлаб шаҳар-туманлар кесимида гиёҳвандликка қарши курашга қаратилган “Қорадори – 2021” назорат-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА