Хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлик учун жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида бир неча бор таъкидланиб келинаётган бўлса-да, айрим фуқароларимиз амал қилмаётганлиги ачинарли ҳолат албатта.
Шаҳбоз Ботиров (исм-фамилия ўзгартирилган) бу қонунни билса-да, парво қилиб ўтирмади. Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги «Созлаб ол» савдо мажмуасида жойлашган озиқ-овқат савдо дўконида 3.000 АҚШ долларини, ҳар бир АҚШ долларини 10.350 сўмдан баҳолаб, жами 31.050.000 сўмга Жонибек Адбакаровга сотган вақтида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди ҳамда ундан 3.000 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди ва ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Суд мажлисида судланувчи Шаҳбоз Ботировнинг «иши» кўриб чиқилди. Айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олиниб, Ш.Ботировга нисбатан ЖКнинг 177-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 13.380.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Суд 3.000 АҚШ долларини ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг давлат фойдасига мусодара қилишни лозим топди.
Фаррух Қаҳҳоров, Жиноят ишлари бўйича
Конимех туман суди раиси