Қўқонда йодлаш марафони бошланди
Қўқон шаҳрида давлат даволаш муассасалари бисёр. Ундан ташқари ўнлаб оилавий поликлиникалар бор. Аптека дорихоналарнинг саноғи йўқ. Шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновнинг таъкидлашича, яна юзта хусусий тиббий клиника, ташхис-диагностика марказлари, тиббий хизмат кўрсатиш шахобчалари мавжуд. Лекин... қандли диабет, инсон идроки билан боғлиқ беморликлар сони кескин камаймаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу фақат Қўқон шаҳридагина эмас.
Мутахассисларнинг ўрганиши, таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу каби касалликлар замирида йод етишмаслиги ётади. Давлат раҳбарининг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 26 январдаги 102-сонли қароридан сўнг муаммо ечимига қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан Қўқон шаҳрида ҳам. Мана энди шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан Қўқонда йод етишмаслигига барҳам бериш марафони ташкил этилди. У шаҳардаги мансублигидан қатъий назар барча тиббий хизмат вакилларининг малака оширишидан бошланди. Уларга йод етишмаслиги оқибатлари ва унга қарши самарадор кураш йўллари тушунтирилди.

– Асосан ёш болалар, ўсмирларда жисмоний, ақлий, руҳий заифлашувини олиб келади, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали раҳбари Озодбек Мавлонов. – Ёши катталарда эса фикрлаш, қарор қабул қилиш қобилиятининг пасайиши, ишда фаолликнинг сусайиши ва ошқозон ҳазм қилиш функциясининг ишдан чиқишига олиб келади. Ҳамда инсонда руҳий чарчаш рўй беради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсонда йод тақчиллиги унинг руҳий ҳолатини яширин кўринишда издан чиқаради. У ўзи билмаган, сезмаган ҳолда худбинлашади.
– Йод танқислигининг оддий белгиларидан яна бири – катталарнинг баджаҳл бўлиб қолишлари, шахсда эгоизм қарор топиши, келажакни орзуламай бугуни билан яшайдиган инсонга айланиб қолишида кўринмоқда, – дейди Озодбек Мавлонов. – Жамоат жойларида атрофидагиларга ҳурматсизлик билан муомала қилади. Буларнинг ҳаммаси йод танқислигининг белгиларидир.

Йод етишмовчилигининг олдини олиш икки кўринишда бўлиб, бири оммавий, яъни ош тузини йодлаш ва иккинчиси индивидуал даволаш, яъни йодамарин каби дори-дармонлар қабул қилиш билан бўлади, демоқда мутахассислар. Шунинг учун Қўқонда бошланган марафон доирасида тиббиёт соҳаси вакиллари маҳалла еттилиги билан уйма-уй юриб оиланинг ҳар бир аъзоси билан алоҳида суҳбатлашяпти. Уларга тегишли маълумотнома-тавсиялар ёзилган буклетлар тарқатиляпти. Йодланган ош тузи таркибидаги йод иссиқда учиб кетмаслиги учун тузни рангли идишда ўчоқ-қозондан анча нарида сақлаш кераклиги, оиланинг энг кичик аъзосигача таркибида йод бўлган дориларни мунтазам ичиб туришлари шартлигини ҳаётий мисоллар асосида тушунтиришмоқда.

Қўқон ҳокимлигининг ташаббуси – йодлаш марафонини вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/MJS-Z70o2a4?si=fhPHNYIKjB3jj88A" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов