Қўқон дунё ҳунармандлари марказига айланмоқда
Очиқлик сиёсати Ўзбекистонда барча жабҳаларда сезилмоқда. Ташқи сиёсатда қўни-қўшни, узоқ ва яқин қитъа мамлакатлари билан ҳеч қачон бугунгидек ҳамфикрлик, борди-келди бўлмаган. Илгарилари давлатлар раҳбарларигина учрашсалар, халқаро ҳамкорлик энди қуйи поғонага, вилоятлараро, шаҳарлараро мақомни ҳам эгаллади.
Бир юртдошимиз ижтимоий тармоқда фестиваллар керакми, деган савол ташлабди.
–Керак, айнан очиқлик сиёсати қарор топаётган Ўзбекистон учун бугун у жуда керак, – дейди қўқонлик ўймакор уста Мирзаюнус Умаров. – Қўқонда бу йил учинчи бор халқаро ҳунармандлар фестивали бўлиб ўтади. Мен 2019 йилда ўтган I фестивалда ўнлаб давлатлардан келган ҳамкасбларим билан эркин-эмин учрашиб суҳбатлашдим, тажриба алмашдик.

Авваллари ҳунармандчилик соҳасига эътибор сусайиб, минглаб йиллар давомида авлоддан авлодга ўтиб келган ҳунарлар унутилаёзган эди. Сабаби ўсиб келаётган ёш авлодда ушбу соҳага қизиқиш йўқолган ўша пайтда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қўқон шаҳрида ўтказилган Биринчи халқаро ҳунармандлар фестивали миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни бутун жахонда кенг тарғиб этиш, туризм соҳасининг ривожига хизмат қилиши билан бир қаторда ҳунармандчилик соҳаси нуфузини оширишга хизмат қилди.

Биргина 2019 йилда Қўқон шаҳрида ўтказилган фестивалда дунёнинг 78 давлатидан вакиллар қатнашди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам фестиваль тантаналарида иштирок этди.
– Фестивалдан олдин 3-4 шогирдимиз ёнимизда ҳунар ўрганиб юрар эди. Мана биринчи, иккинчи халқаро ҳунармандлар фестиваллари бўлиб ўтди. Эндиликда ёшларнинг соҳага қизиқиши кучайиб, шогирдларимизнинг сони бир неча бор ортди. Уларнинг барчаси ҳунар ўрганиб, шу орқали ҳаёти фаровонлашди, оиласини боқяпти, – дейди юзлаб шогирдлар тайёрлаган устоз ўймакор уста Мирзаюнус Умаров.
–Ҳар гал ўтказилган фестиваль олдидан Қўқон шаҳрида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Янги мехмонхона ва хостеллар, кафе ва ресторанлар қуриб фойдаланишга топширилди. Шаҳардаги йўл ва коммуникациялар янгиланди. 12 та тарихий обида мукаммал таъмирланди,– дея қўшимча қилди Мирзаюнус Умаров.

– Ўзбекистон Ҳунармандлар уюшмаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида 2025 йилда Қўқон шаҳрида бўладиган навбатдаги фестиваль ҳақида маълум қилинди. Буни эшитиб, бошимиз осмонга етди, ҳозирдан шогирдларимиз билан фестивалга тайёргарлик кўришни бошладик. Худо хохласа фестивалда энг сара маҳсулотларимизни бутун дунёга намойиш қиламиз, – деди ўймакор уста.
Ёдингизда бўлса, 2019 йилда ўтказилган фестивалда Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” унвони берилди. 2023 йилда ўтказилган фестивалда эса иштирокчиларнинг сони янада ортди. Фестивал билан ҳамоҳанг равишда Риштон шаҳрида халқаро кулолчилик форуми ҳам ўтказилган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири