“Қопқоқ” операцияси фош этилди
Қорақалпоғистон Республикасида жорий этилган фавқулодда вазият ҳолатида чегара божхона постлари орқали фуқаролар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган бўлсада, юк автотранспорт воситалари барқарор ҳаракатланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, айрим қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” вазиятдан “ғаразли” мақсадларда фойдаланиб, давлат бюджетига ундириладиган тўловлардан қочиб қолишга уринмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут-ота” чегара божхона постига қўшни Қозоғистон Республикасидан фуқаро Э.Д бошқарувида кириб келган “VOLVO” русумли юк автотранспорт воситасининг оғирлиги постда ўрнатилган автотарозида ўлчанганида ҳужжатларда кўрсатилган оғирлик билан тафовут аниқланиб, божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган дастлабки сўровга кўра қиймати 234 миллион сўмлик жами 311 минг 850 дона шиша банка консерва қопқоқларини Туркиядан олиб келаётганлиги аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу товарлар қонуний турда божхона расмийлаштирувига тақдим этилганида, давлат бюджетига тахминан 57 миллион сўм пул маблағи ўтказилган бўлар эди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА