Қонунларни кўриб чиқиш муддатига зарурат борми?
-
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 99-моддасига кўра, Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилиши, агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни олтмиш кун ичида имзолаши ва эълон қилиши каби муҳим қоидалар мустаҳкамланмоқда.
Олий Мажлис Сенати томонидан аниқ муддатларда қонунларни кўриб чиқиш масаласи қонунчилик жараёнидаги турли салбий ҳолатларнинг олдини олишга, қонунларнинг ўз вақтида қабул қилинишига хизмат қилади. Бугунги кунда фаол ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги муносабати билан Президент имзолаши учун кўплаб қонунлар келиб тушмоқда, бу эса уларни «маъруза»га тайёрлаш ва Давлат раҳбари томонидан кўриб чиқиш учун анча вақт талаб этади. Бундан ташқари, бугунги кунда имзолаш учун номувофиқ деб топилган қонунларни имзолашни кейинга қолдириш борасида муайян зарурат мавжудлигига ҳам эътиборни қаратиш лозим .
Давлат раҳбари томонидан, 2022 йил 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида, парламентимизнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш ҳам Конституциямизда ўз аксини топиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратган эди. Шу мақсадда ҳам ҳозирги глобаллашув, янгиланишлар жараёнида парламентнинг ролини кучайтириш, иш самарадорлигини ошириш масаласи ниҳоятда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Ҳаммамизга маълумки, парламент халқга энг яқин ва унинг олдида масъул бўлган муҳим сиёсий институтдир. Олий Мажлисда жамият ва давлатни бошқарадиган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар қабул қилинади. Шундай экан, Олий Мажлис палаталарининг қонунлар қабул қилиш жараёнидаги фаолият механизмларини аниқлаштириш, қонунчилик муддатларини белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Олий Мажлис Сенатининг қонунларни кўриб чиқиш жараёнидаги муддатларни аниқ белгилаш ўзига хос аҳамиятга эга.
Эътибор қаратадиган бўлсак, хорижий мамлакатларда парламентнинг Юқори палатаси томонидан қонунларни кўриб чиқиш муддатлари аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, Қуйи палата томонидан қабул қилинган қонунларни юқори палата Ирландияда - 21 кунда, Чехия, Польша ва Японияда – 30 кунда, Қозоғистонда - 60 кунда, Россияда -14 кунда кўриб чиқмаса, қонун юқори палата томонидан маъқулланган ҳисобланади, деб белгилаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар натижасида, Олий Мажлис Сенатининг қонунчилик жараёнидаги фаолиятини янада такомиллаштириш давр талабидир. Олий Мажлис Сенати томонидан қонунларни кўриб чиқиш муддатининиг аниқ белгиланиши, Президент томонидан етарли муддатларда қонунларни кўриб чиқиши ва имзоланиши қонунларнинг янада сифатли тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, қонунларни имзолашнинг “конституциявий муддатлари” нинг эҳтимолий бузилишининг олдини олади.
Ирода Қаххорова, ЎзА