Қонунчиликдаги янгиликлар аҳолига тушунтирилди
Бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотлар мазмуни ва аҳамиятини, шу жумладан қонун ижодкорлиги борасидаги янгиликларни аҳоли вакилларига тушунтириш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш муҳим масалалардан биридир.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Халқ вакиллари ўз сайловчилари билан учрашув ва мулоқотларда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда қонунчиликдаги ўзгариш ва янгилиликлар ҳақида батафсил маълумотлар беради.

Жумладан, депутат Одинахон Отахонованинг Андижон вилояти Шаҳрихон ва Қўрғонтепа туманларидаги сайловчилар билан учрашувлари ҳам самарали кечди. Халқ вакили учрашувларда янги қабул қилинаётган қонунлар ҳақида тўхталар экан, улар энг аввало, юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, ёшлар, хотин-қизларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек, депутат тумандаги бир қатор маҳаллаларда бўлиб, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, беморлар ҳолидан хабар олди. Аҳолини қийнаётган турмуш муаммоларини аниқлади, тегишли идоралар эътиборини ушбу камчиликларни ҳал этишга қаратди. Фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг салмоқли қисми жойида бартараф этилди.
Халқ вакили учрашувлар давомида Қўрғонтепа туманида жойлашган уруғчилик корхонасида ҳам бўлиб, бу ерда тайёрланаётган уруғнинг ҳажми, сақлаш тизими, шароити, кейинги йил учун тайёрланаётган уруғ сифатини ўрганди.
Депутат О.Отахонованинг учрашувлари Шаҳрихон туман мактабгача таълим муассасасида давом этди. Мулоқот чоғида халқ вакили юртимизда давлат мактабгача таълим муассасалари қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, болалар боғчаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
М.Комилова,
ЎзА