Қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда
Навоий шаҳридаги “Covorking” марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармасининг жорий йил 1-ярим йилликдаги фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Ўзагроинспекция” томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Инспекция вилоят бошқармаси томонидан 307 та текшириш ўтказилган ва 733 та таъсир чоралар қўлланилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш учун 107 та тақдимнома киритилган, 3 минг 767 нафар шахс ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган ҳамда 323 та маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган. Шундан 284 та маъмурий иш кўриб чиқиш учун судларга ҳамда 17 та ҳолатда прокуратура органларига юборилган. Қўлланилган 68 миллион 992 минг сўм маъмурий жаримадан 59 миллион 215 минг сўми ихтиёрий равишда ундирилган.
– Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш ва таъминотини назорат қилиш бўлими томонидан 458 та назорат тадбири ўтказилган бўлиб, 217 та ҳолатда уруғлик дон, пахта, сабзавот, полиз, картошка уруғлари ва кўчатларни етиштиришда қонунбузилишларга йўл қўйилган, – дейди Ҳ.Зарипов. – Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 120 та ёзма кўрсатма, 28 та тақдимнома, 69 та маъмурий иш қўзғатилган. Шу билан бирга 802 та мансабдор шахс қонунбузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Ўтган давр мобайнида инспекция ходимлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш мақсадида 665 та назорат тадбири ўтказилиб, кўрилган маъмурий ва молиявий чоралар 84 тани ташкил этади, 425 нафар сув истеъмолчисига огоҳлантиришлар берилган. 31 та ҳолатда ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган. Қонунбузилишлар таҳлил этилганда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувдан фойдаланишда зовурга сув ташлаш, ғўза, такрорий экин ва бошқа майдонларни кўллатиб суғориш, далада сувчиларни жалб қилмасдан сувни қаровсиз қолдириш, ғўза майдонларида шарбат ҳандақлари ташкил этмаслик каби ҳолатлар кўп учрайди.
Вилоятга жорий йилда 2000 бош наслли қорамол импорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, ўтган давр мобайнида вилоятнинг Навбаҳор туманидаги “Мафтуна Ойсулув” фермер хўжалиги томонидан Германия давлатидан “Голштин” зотли, Навоий шаҳридаги “Брехит озуқа ем” МЧЖ томонидан эса Украина давлатидан “Шаралей”, “Лимузин”, “Абердин ангус” зотли наслли қорамоллар келтирилди.
[gallery-3056]
Шунингдек, наслчилик мақомига эга хўжаликлар томонидан вилоятда жорий йилда 512 бош наслли мол тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 280 бош наслли мол сотилган.
– “Агроинспекция”нинг Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими ва туманларда фаолият юритаётган инспекторлар томонидан 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 612 та назорат тадбири ўтказилиб, 181 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, – дейди инспекция вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Натижада 58 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган, тегишлилиги бўйича 27 та тақдимнома киритилган, 96 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларга қонунбузилишига йўл қўймаслик юзасидан 515 та огоҳлантирувлар эълон қилинди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов, (сурат), ЎзА