Қонун ва адолат устувор мамлакатда ислоҳотлар самара беради
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида коррупцияли ҳолатлар ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига бир неча бор тўхталди.
Ҳа, коррупция нафақат маълум бир соҳага, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқдир. Бу иллат жамиятни ҳам, давлатни ҳам ич-ичидан емиради. Айнан коррупция туфайли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Коррупциянинг хавфлилик даражаси шундаки, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун ислоҳотлар шиддатини сусайтиради, амалга оширилаётган эзгу ишлар кўзга кўринмасдан қолади. Нафақат халқ, бутун мамлакат камбағаллашади.
Шу сабабли ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз президентлик ваколатига киришиши биланоқ, 2017 йил 5 январда имзо чеккан энг биринчи муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлди.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши демакдир.
Ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ўнлаб Президент қарор ва фармонлари қабул қилинди.
Умуман олганда, сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва амалий ишлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралардир. Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон қадрини юксалтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва одил судлов органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо, биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий. Шундай экан, инсон қадрини ошириш, камбағалликни тугатиш, мамлакат иқтисодиётини янада ўстириш, халқ фаровонлигини яхшилаш, мамлакатда инвестиция муҳитини халқаро талаблар даражасига кўтариш борасидаги стратегик вазифаларни давомли ҳал этишда коррупция энг катта тўсиқдир.
Икки йил оралиғида беш минг нафар мансабдор шахс жиноятга қўл урди. Бу ўша мансабдор шахсларнинг ўз халқига, Президентига ёки ишхонасига яъни еб турган тузлиғига хиёнати эмасми? Наҳотки шу иллат ботқоғига ботганлар ота-боболаримиздан маънавий мерос сифатида ўтиб келаётган “Бировнинг ҳақига хиёнат қилма”, “Етимнинг ва беморнинг устидан ҳақ ема”, “Битта майизинг бўлса қирқ бўлиб егин”, “Ўзгадан бир дона гугурт чўпи ёки битта игна олган бўлсанг ҳам уни албатта қайтар” каби ўгитларни унутишган бўлса!?
Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш, ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш, давлат ва жамоат мулкини талон-торож қилиш, қўл остидаги ходимларнинг иш ҳақларига чангал солиш каби иллатлар билан кундалик ҳаёти сифатида шуғулланган бу беш минг нафар мансабдор шахснинг ҳар бири виждонини ўртага қўйиб, мамлакатимиз тараққиётига кушанда бўлиб, кўп миллионлик халқимизга, муқаддас Ватанимизга хиёнат қилмаяпманми, деб наҳот ўйлаб кўрмаган.
Мурожаатномада таъкидланган қўрқинчли рақамларда акс этган мансабдорларнинг бошида турган раҳбарлар, ёнида турган ҳамкасблари, меҳнат жамоалари қаерга қараган, деган савол туғилиши табиий.
Давлат раҳбари ўз маърузалари давомида депутат ва сенаторлар, маҳаллий кенгашларни коррупцияни бартараф этиш бўйича фаолликка чақирди:
“Ҳар бир депутат ўзининг округидаги бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишлар, йўлларни, ҳар ойда бориб кўрса, буюртмачи ва пудратчидан сифатни талаб қилса, биласизларми, аҳвол қандай ўзгаради? Бунинг учун сизларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам бор. Коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар яратилди. Энди амалий ишларни кучайтириш керак. Сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман коррупцияга имкон яратадиган барча бўшлиқларга барҳам берилади”.
Тўғри, Президентимизнинг қатъияти, давлат томонидан коррупцияни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаяпти. Яқинда “Transparency International” халқаро нодавлат ташкилоти Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2022 йил натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, 180 давлат орасида Ўзбекистон Республикаси 31 балл билан 126-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз баллари 3 тага ошиб, ўрни 14 поғонага яхшиланди. Лекин бу билан чекланиш мумкин эмас. Коррупцияга қарши курашишга оид қонун ҳужжатларининг туб моҳиятида, бу иллатга қарши нафақат ҳуқуқни муҳоза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотлари, балки жамоатчилик назорати институти имкониятидан ҳам кенг фойдаланиш назарда тутилган.
Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, деб қараш тўғри бўлмайди. Қачонки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари атрофида барча фуқароларимиз, давлат ва нодавлат ташкилотлар бирлашса, ҳар бир фуқаро мамлакат иқтисодий қудрати ва халқ фаровонлиги, юрт равнақи учун дахлдорлик ҳиссини туйса, жамият бу иллатдан тез орада қутилиши аниқ.
Бир сўз билан айтганда, коррупция устидан аниқ ғалаба қилишимиз халқимизнинг фаол фуқаролик позициясига боғлиқдир. Зеро, қонун ва адолат устувор бўлган мамлакатда тараққиёт, фаровонлик, юксалиш бўлади, ислоҳотлар самара беради.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раисининг ўринбосари
ЎзА