Қонун устуворлиги асосий мезон
Бухоро давлат педагогика институтининг мажлислар залида ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, коррупцияга қарши курашиш борасида тушунчаларни шакллантириш мақсадида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, раис ўринбосари Санжар Майдонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси тизимидаги “ Raxmatov and Law” адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Анвар Раҳматов иштирок этди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, унинг ижтимоий-иқтисодий барқарорликка таҳдиди ҳамда бундай иллатларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари юзасидан кенг қамровли маълумотлар берилди. Адвокат Анвар Раҳматов амалий мисоллар орқали коррупция ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олишда фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг фаоллиги қандай аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тадбирда олийгоҳ талабалари фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбирда ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим фикр ва тавсиялар илгари сурилди.
Шу каби тадбирларнинг мунтазам ташкил этилиши нафақат ёш авлодда ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.