Қонун устувор жамиятда адолат бўлади
Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатлардаги ҳуқуқ ва манфаатларини судларда самарали ҳимоя этиш тартиби яратилмоқда.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур ислоҳатлар мамлакатдаги бўлаётган ўзгаришлар билан ҳамнафас давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан суд тизимида амалга оширилиши лозим бўлган келгусидаги режалар белгиланиб, унда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш тартиби белгиланди.
Мазкур қарор талабига кўра, келгусида маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш ва улар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши белгиланди.
Бундан кўзланган асосий мақсад, давлатимиз томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилгандир.
Буни таъминлашда эса маъмурий судларга ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш белгиланмоқда.
Белгиланаётган тартиб тамойилга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш учун улар давлат органларидан тегишли ҳужжатларни олиш имконига эга бўлмаган тақдирда мазкур ҳаракатларни суднинг ўзи томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Шу билан биргаликда, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этилиши ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказилиши белгиланмоқда.
Келгусида фуқаро ёки тадбиркорлик субъектларига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини маъмурий судларга бериш ҳуқуқининг юзага келиши, низони ҳал этишда, ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, зарарни ундириш масаласини бир суднинг ўзида ҳал этиш имконини беради.
Шунингдек, мазкур қарор билан маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш тартибини жорий этиш кўрсатилмоқда.
Бу тартибнинг жорий этилиши маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорларни давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилиш муддатлари кечикиб кетишининг олди олинади.
Оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида судларга топширилган даъво аризаси, ариза ҳамда шикоят мазкур судга тааллуқли бўлмаган тақдирда, судлар томонидан амалга ошириш керак бўлган механизмни жорий этиш тартиби белгиланмоқда. Унга кўра, судлар топширилган даъво аризаси ва ёки шикоятни қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш юзасидан ҳужжат қабул қилмай балки, даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган судга ўтказиш механизмини жорий этиш белгиланмоқда.
Хулоса ўрнида, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
С.Набиев,
Жиззах вилоят суди судьяси.
ЎзА