Қонун устувор мамлакатда адолат қарор топади
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар прокуратура органларини қонун устуворлигини таъминлаб, давлат ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган тузилмага айлантирди.
Прокурорлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг ўзи ёхуд суд зарур, деб топганида судларда ишлар кўриб чиқилишида иштирок этади. Прокурорнинг иштирок этиш ваколатлари ва доиралари Ўзбекистон Республикаси процессуал қонунларида белгилаб қўйилган. Судларда прокурор бошқа қатнашчилар билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланиб, судларнинг мустақиллиги ва улар фақатгина қонунга бўйсуниш принципига қатъий амал қилади ва қонунийликни таъминлашга ёрдам беради.
Сурхондарё вилояти судларида ҳам жиноят ишлари кўрилишида прокурор иштироки таъминланиб, одил судловни амалга оширишга кўмаклашмоқда. Биргина жорий йилнинг тўрт ойида жиноят ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар судларида 1 минг 354 шахсга нисбатан кўрилган 963 та жиноят ишида прокурор иштироки таъминланди. Шу даврда судлар 752 та жиноят иши бўйича 1 минг 101 шахсга айблов ҳукми чиқариб, 256 нафари ёки 23,3 фоизига озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 845 нафари ёки 76,7 фоизига шахсни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиноий ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. 199 та жиноят иши тарафларнинг ярашгани муносабати билан тугатилди. Апелляция инстанциясида 304 шахсга нисбатан 180 та иш кўриб чиқилиб, 42 нафар шахсга нисбатан 35 та жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, ўзгартирилган. Шундан 34 нафар шахсга нисбатан 27 та жиноят иши прокурорларнинг протестларига асосан қонунга мувофиқлаштирилиб, самарадорлик 81 фоизни ташкил этган.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиш керакки, Янги Ўзбекистонда фуқароларни давлат органи фаолиятидан рози қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш прокуратура органларининг энг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бу фуқароларнинг прокуратура органларига ишончини янада мустаҳкамлаб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунга кўра, йилнинг ўтган тўрт ойида бўлимимиз 211 нафар шахсдан келиб тушган мурожаатларни ҳал этди. Мазкур мурожаатларга асосан, шунингдек, суд қарорлари қонунийлиги апелляция ёки кассация тартибида ўрганилганда айрим қонун бузилишларга йўл қўйилганлиги ҳам аниқланди. Мисол учун, И.Абдуллаевга оид жиноят иши бўйича суд ҳукми ўрганилганида эҳтиётсизлик оқибатида содир этган жинояти учун унинг пенсия ёшида экани инобатга олинмасдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани маълум бўлди. Суд ҳукмига нисбатан протест келтирилиб, протест натижаси бўйича енгилроқ жазо тайинланди. И.Тошевга оид суд ҳукми ўрганилганида унга оид жиноят иши бўйича далилларга тўла баҳо бермасдан асоссиз айблангани аниқланиб, апелляция тартибида протест келтирилди ва протест натижаси бўйича И.Тошев оқланди. Шунингдек, Ш.Райимов, Ж.Абдураимов, Х.Азимов ва Б.Жовлиевларга оид суд ҳукмларида уларга нисбатан ортиқча айблов моддалари қўйилгани аниқланиб, апелляция тартибида протест келтирилди. Натижада қўйилган ортиқча айблов моддалари олиб ташланиб, тайинланган жазо енгиллаштирилди.
Шундай қилиб, ўтган йил ва жорий йилнинг тўрт ойида вилоят прокуратураси органларининг протестларига асосан 44 нафар шахс айбсиз деб топилди. Реабилитация асосларига кўра оқланиб, бузилган ҳуқуқлари тикланди. Туман, шаҳар прокурорларининг апелляция тартибидаги протестига асосан 7 шахс суд залидан қамоқдан озод этилиб, 4 нафар шахс жазодан озод қилинган бўлса, 8 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазо енгиллаштирилди. Зеро, қонун устувор бўлган мамлакатда адолат қарор топади. Буларнинг барчаси кейинги йилларда жамиятимизда қонунийлик таъминланаётгани, инсонпарварлик, халқпарварлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган ғоянинг амалдаги ифодасидир.
Аббос Розиқов,
Сурхондарё вилояти прокуратураси жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи
ЎзА