Қонун лойиҳаси қандай эътирозларга сабаб бўлди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида қатор масалалар муҳокама қилинди. Дастлаб йиғилишни бошқарган фракция аъзоси Нодир Тилаволдиев барчани Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан табриклади.
Шундан сўнг депутатлар “Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан мамлакатимизга беғараз ёрдам сифатида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан тижорат мақсадида фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда. Aмалдаги нормаларга кўра, беғараз берилган тиббий асбоб-ускуналарда пуллик хизмат кўрсатиш мумкин эмас ва бу тақиқ текин берилган асбоб-ускуналардан фойдаланиш имкониятини чеклаши натижасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда қийинчиликлар туғиляпти. Шу боис, соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларга беғараз берилган асбоб-ускуналардан тижорат мақсадида фойдаланиш ҳуқуқини бериш мўлжалланмоқда.
Фракция аъзолари бу сафар ҳам ушбу қонун лойиҳасига эътироз билдирди.

— Ушбу тартиб ўрта қатлам, айниқса, кам таъминланган аҳоли шарт-шароитини янада қийинлаштирмайдими? — деди фракция аъзоси Мухтабар Ҳусанова. — Мамлакатимизда бепул тиббий хизмат кўрсатиш кафолатлангани қаерда қолади? Халқ учун бепул келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳам текин бўлиши керак.
Қизғин муҳокамалардан сўнг ушбу қонун лойиҳаси фракциянинг таклифи билан қайта таҳрир қилинадиган бўлди. Шу шарт билан қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, маъқулланди.
М.Комилова, ЎзА