Қонун лойиҳаси: ўзгартириш ва қўшимчалар
Айни кунларда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Парламент қуйи палатаси сайловини ўтказиш тартибларига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этилмоқда. Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда бўлиб, лойиҳада кўзда тутилаётган янгиликлар моҳиятини аҳоли вакилларига тушунтирмоқда. Жумладан, қуйи палата депутати Мавжуда Ҳасанова Сурхондарё вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларида бўлиб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Термиз давлат университетида ўтказилган “Депутатлар корпусини шакллантиришда мажоритар-пропорционал сайлов тизими жорий этилишининг аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбатида иштирокчилар Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмуни билан таништирилди.

– Конституциявий қонун лойиҳасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш белгиланмоқда, – деди Мавжуда Ҳасанова. – Ушбу муҳим ҳужжат билан сиёсий жараёнларимизга жуда катта янгилик татбиқ этилмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхати бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида шу йил 10 октябрь кунидан 24 октябрь кунига қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Жамоатчилик муҳокамалари давомида қонун лойиҳаси юзасидан 400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушди. Ҳар бир таклифлар ишчи гуруҳимиз томонидан ўрганилиб, мақбуллари лойиҳага киритилмоқда, – деди депутат.

Тадбирда иштирокчиларнинг Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан берган саволларига батафсил жавоб берилди. Қонун лойиҳасини тарғиб қилиш ишлари давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА