Қўнғироқ жаранги оламни тутди
Ниҳоят ўқувчилар орзиқиб кутган кунлар ҳам келди. Ўқув йили бошланди. Оҳори тўкилмаган янги либосларни кийган ўқувчилар эрта тонгдан мактаб сари шошилишади. Уларга қараб туриб ўқувчилик йилларим ёдимга тушди.
Ўша пайтлар ота-онамиз ҳаммамизга бир йилда бир марта янги кийим олиб берарди. У ҳам бўлса янги ўқув йили олдидан. Ҳар куни бир марта кийиб, ғоз юриш қилардик. Синглим ҳар куни янги кийимларини кийиб олиб дугоналарига мақтарди. Уни кийиб кўчага чиқиш учун ўқув йили бошланишини сабрсизлик билан кутардик...
Бугун республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили бошланиши муносабати билан қўнғироқлар жаранглади. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган 7-умумтаълим мактабида ҳам илк қўнғироқ тадбири кўтаринки руҳда ташкил этилди.
[gallery-13437]
Боиси мазкур мактаб белгиланган дастурлар асосида қарийб 15 миллиард сўм эвазига капитал таъмирланди ва қайтадан чирой очди.
Анъанага кўра, бугун ҳам барча синф ўқувчилари мактаб ҳовлисига жам бўлди. Давлатимиз мадҳияси янгради. Бошланғич синфга қабул қилинган жажжи қизалоқ битирувчи синф ўқувчиси қучоғида давра айланиб, қўнғироқни шавқ билан чалди. Гўё келажакдаги орзулари жарангини изҳор қилди.
– Жорий йилда мактабимизнинг капитал таъмирлангани қувончимизга қувонч қўшди, – дейди мактаб директори Аброр Муродов. – Айниқса узоқ йиллардан буён фаолият юритмай келаётган спорт залимиз замонавий кўриниш олди ва барча спорт инвентарлари билан таъминланди. Мактабимиз 500 ўринли эди, аммо минг нафардан зиёд ўқувчига таълим берар эдик. Хоналар етишмасди. Капитал таъмир жараёнида қўшимча 300 ўринли янги бино ҳам қуриб берилди. Бу эса ўқувчиларимизнинг эмин-эркин таълим олишига хизмат қилади.
Мактабга жорий йилда яна 90 нафар бошланғич синф ўқувчилари қабул қилинди. Уларга ҳам илк сабоқ бошқа синфларда бўлгани каби “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги мустақиллик дарси ўтилди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.