Қон таҳлиллари янада такомиллашади
Давлат раҳбари ташаббуси билан “O`zmedimpeks” МЧЖ ва “Innova Medical Equipment and Services LLC” (Грузия) компанияси ўртасида тузилган шартномага асосан Бухоро вилоятидаги қон қуйиш марказига “Қон компонентини ажратиш сепаратори” ўрнатилди.
– Халқаро стандартларга жавоб берадиган ушбу аппарат тўлиқ автоматлаштирилган тизимда ишлашга мослашган бўлиб, бир маротабалик стерил тўпламлардан фойдаланган ҳолда қон компонентлари тайёрланади, –дейди Бухоро вилояти қон қуйиш маркази бош ҳамшираси Дилноза Файзуллаева. – Бу дегани ушбу аппарат икки ҳисса эритроцитлар, аферез тромбоцитлар, бир ҳисса, икки ҳисса ва уч ҳиссада тромбоцитлар, плазма, лейкоредуцирланган плазма каби қон ҳужайралари тайёрлашга мослашган. Ушбу компонентлар тромбоцитопеник қон кетишларда, лейкозларда, онкогемотологик касалликларда ва яна бир қатор оғир кечувчи гематологик касалликларда қўлланилади.
Автоматлаштирилган аппаратда донорлар ҳеч қандай ноқулайлик ҳис қилишмайди. Донорнинг ҳаёти ва соғлигини кафолатлаган ҳолда бир маротабалик сарф материаллари ишлатилиб қон компонентлари тайёрланади. Тромбоцитлар соғлом инсон организмида 2-5 кунда тикланади. Ҳар бир соғлом фуқаро 50 ёшгача тромбоцит донори бўла олади.
[gallery-7902]
Ҳозирги кунда бошқа мамлакатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам асосан қон ўрнига унинг компонентлари – эритроцитлар, лейкоцитлар, тромбоцитлар, плазма ва препаратлари ишлатилади. Шунинг учун донорликка ирсият бўйича мос келадиган ихтиёрий (бадалсиз) қон берувчи соғлом кишилар жалб этилади. Қон донорлиги амалиётининг бир қанча тиббий ва ҳуқуқий томонлари мавжуд.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади. Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши хавфини бир неча бор камайтиради. Олимлар эркак донорлар орасида юрак инфаркти бошқаларга қараганда 30 фоиз камроқ учрашини аниқлашган.
Доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади. Яъни қон топширгандан сўнг янгиланиш кераклиги ҳақида сигнал тушади. Бундай янгиланиш юрак, қон томир тизими касалликлари, атеросклероз, подагра, овқат ҳазм қилиш, ошқозон ости бези, жигар ва асосий модда алмашинуви фаолиятлари бузилишининг олдини олишда фойдали ҳисобланади. Иммун тизими касалликларининг олдини олишда ҳам доимий равишда қон топшириш фойдалидир, чунки у ҳам организмнинг умумий янгиланиши билан боғлиқ.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА