“Қўмондон ва ёшлар” учрашуви
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев билан Жиззах вилоятининг энг олис ҳудуди – Янгиобод туманида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган ушбу туманда сектор раҳбарларининг ҳамроҳлигида самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтган учрашув ёшларга берилаётган эътибор, имтиёз ва имкониятлардан кенг фойдаланиш, ёшларнинг миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш истакларини янада оширишга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Чегара туманида бўлиб ўтган “Қўмондон ва ёшлар” учрашувида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев Ватан ҳимоячиси бўлиш, мамлакатимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилиш шарафли бурч эканлиги тўғрисида гапирди.
Учрашув давомида тадбир иштирокчиларининг ҳарбий ва турли соҳадаги савол- мурожаатларига Марказий ҳарбий округ қўмондони ва бошқа тегишли мутахасислар томонидан тўлиқ жавоблар берилди.
[gallery-14028]
Шунингдек, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда олис ҳудуд ёшларини ҳарбий қисмларга таклиф этиб, уларга миллий армиямизда амалга оширилаётган ўзгаришлар хусусида маълумотга эга бўлиш ва улар ўртасида турли ҳарбий спорт мусобақаларини ва фестивалларни ўтказиш масалалари ҳам келишиб олинди.
Бундан ташқари, учрашув давомида,“Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракатига аъзо бўлган 100 нафар янгиободлик ёшга кўкрак нишонлари тантанали топширилди.
Тадбирнинг расмий қисми ниҳоясига етгач, туман фуқаролари ва ёшлари учун ҳарбий хизматчиларнинг қўл жангги бўйича кўргазмали чиқишлари, фахрий қоровулнинг марш садолари остидаги ҳарбий саф юриши, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳамда ҳарбий оркестр жамоасининг она Ватан ва Миллий армияни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари