Кимгадир ёрдам бермоқчи бўлсанг, унга балиқ берма, балиқ тутишни ўргат, дейишади. Зеро, унинг шу орқали узоқ вақт ризқ-насиба топиб ейиши эҳтимоли юқори.
Бугун ишсизлик бутун дунёда долзарб муаммога айланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг ишсиз қатлами бандлигини таъминлаш, “Аёллар дафтари, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтар”лари ташкил этилиб, уларга киритилган аҳоли вакиллари билан алоҳида-алоҳида ишлаш, ўз-ўзини бандлигини таъминлаши учун имкониятлар яратиб бериш тизими йўлга қўйилди.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудда биргина “Аёллар дафтари” бўйича бажарилган ишлар таҳлил қилинганда ижобий натижалар кўзга ташланади.
Шаҳардаги “Отчопар” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”га киритилган 306 нафар аёлга тоифаларга бўлинган ҳолда ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу маҳаллада яшовчи Феруза Салаева шу пайтгача иш топа олмасдан қийналиб келарди. Маҳалланинг қўллаб-қувватлаши ва банк кўмаги билан мўъжазгина иссиқхона ташкил қилди.
– “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз аёлларга имтиёзли кредитлар ажратилаётганини эшитиб, ҳужжатларни топширдик, – дейди Ф.Салаева. – Тез кунларда ишларимиз ҳал бўлди ва бизга 30 миллион сўм кредит ажратиладиган бўлди. Ушбу маблағ ҳисобига жорий йилнинг март ойида 4 сотих майдонда иссиқхона қурдирдик ва унга “Орзу” навли бодринг кўчатларини экдик. Турмуш ўртоғим ҳам ишсиз эди. Иссиқхонада оилавий меҳнат қилдик. Қисқа муддатда меҳнатларимиз ўз самарасини берди. 40-45 кунда ҳосил тайёр бўлди. Май ойидан бошлаб ҳосилни бозорга олиб чиқдик. Шукрки, даромадимиз ёмон эмас. Рўзғоримиз бут. Ортганига уй-жойларимизни тартибга келтиряпмиз.
Ҳа, ҳалол меҳнат ортидан келган роҳат сурури ўзгача бўлади. Шу маҳаллалик Назира Эсонова ҳам ишсизлиги туфайли “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, уйда фарзандлар тарбияси, бу ёғи рўзғор ташвиши билан узоқ масофаларга қатнаб ишлашнинг имконини қила олмаётган эди.
– Банкдан олинган 30 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобига 2 сотих замонавий иссиқхона қурдирдик, – дейди Н.Эсонова. – Аввалига эплай олмасак керак, деб ўйлагандик. Бодринг экдик. Мутахассислар маслаҳати билан керакли агротехник тадбирларни вақтида бажардик. Дастлаб ҳосил килосини 10 минг сўмдан сотдик. Қарасак, даромади ёмон эмас. Кейин турмуш ўртоғим ҳам бу ишларга қизиқиб қолди. Мижозлар маҳсулотни уйимизнинг ўзидан олиб кетади. Келгусида иссиқхонани янада кенгайтиришни мақсад қиляпмиз. Кунига 3-4 соат меҳнат қиламиз, холос. Уй-рўзғор ишларини ҳам қилишга улгуряпман.
Қарши шаҳрида жами 279 минг 600 нафар аҳоли бўлиб, шундан 139 минг 800 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 62 минг 343 нафари 30 ёшдан ошган хотин-қизлар бўлиб, шундан 3 минг 33 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. Белгиланган дастурлар асосида олиб борилган саъй-ҳаракатлар асосида бугунги кунда “Аёллар дафтари”га киритилган 2 минг 909 нафар яъни 96 фоиз хотин-қизнинг муаммолари ижобий ҳал этилган.
Дарҳақиқат, яратилаётган бу каби имкониятлардан унумли фойдаланган хотин-қизлар ўз ишларини йўлга қўйиб, оила бюджетига фойда келтирмоқда. Масалан, Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Роҳила Бегматова узоқ йиллардан буён тикувчилик билан шуғулланади. Лекин фаолиятни кенгайтириш учун маблағ масаласида қийналиб келарди.
[gallery-2704]
– Банкдан 20 миллион имтиёзли кредит олиб, тикув дастгоҳлари харид қилдик, – дейди Р.Бегматова. – Шуни эвазига фаолиятимизни кенгайтирдик. Маҳалла идораси ёнидаги бўш турган бинони фойдаланиш учун бепул беришди. Шу ерда кичик тикувчилик цехи очиб, учта иш ўрни ҳам яратдик. Аёлларнинг миллий либосларини тикамиз. Қўшимча буюртмалар ҳам қабул қиламиз. Хуллас ишларимиз ёмон эмас. Ўзим ҳунарманд уюшмаси аъзосиман. Бундан ташқари, ушбу ҳунарга қизиқувчи хотин-қизларни босқичма-босқич ўқитяпмиз ҳам.
Шу маҳаллалик Ҳулкар Шарипова эса, аёлларга яратилган қулайликлардан фойдаланиб, шинамгина гўзаллик салони фаолиятини йўлга қўйди.
– Гўзаллик салони очиш учун бироз маблағ етмай турганди, – дейди Ҳ.Шарипова. – 25 миллион сўм банк кредити олиб, ишни бошлаб юбордик. Ушбу маблағ эвазига салон жиҳозлари харид қилдик. Уйимизнинг кўча томонга қараган хонасини таъмирлаб, кўча томондан эшик очдик. Таъмирладик. Учта иш ўрни ҳам яратдик.
Маълумот ўрнида, Қарши шаҳридаги ишсиз ва кам таъминланган хотин-қизларнинг муаммоларига тоифаларга бўлинган ҳолда ечим топилмоқда. Масалан, бугунги кунга қадар 950 нафар аёлга тикув машиналари, пишириқ печи, компьютер жамланмаси берилиб, ўз-ўзини банд қилиш ташкил этилган. Мономарказ ва 11 та МФЙларда ўқув-марказлари очилиб, тикувчилик, ҳунармандлик, компьютер саводхонлиги, пазандалик, бухгалтерия ҳисоби бўйича жами 371 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб сертификат берилган. 472 нафар хотин-қизга тикувчилик, гўзаллик салони, нон ва нон маҳсулотлари, пазандалик, компьютер хизматлари, паррандачилик, иссиқхона йўналишларида имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, айни пайтда уларнинг барчаси иш фаолиятини бошлаган.
Шаҳардаги Қўрғонча маҳалласида яшовчи Насиба Очилова ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган. Уйига яқин ҳудудда ресторан ва кафелар ҳамда каттагина озиқ-овқат деҳқон бозори жойлашган. Уйда бекор ўтиргандан кўра, новвойлик қилиб, нон сотишни мақсад қилди. Имтиёзли банк кредити эса унинг бу мақсадини рўёбга чиқишида муҳим омил бўлди.
– Банкдан олинган 20 миллион сўм ҳисобига ун маҳсулотлари олиб, новвойлик фаолиятини бошлаб юбордик, – дейди Н.Очилова. – Бунда оила аъзоларим менга асосий кўмакчи. Пиширилган нонларни чойхона ва бозорга сотяпмиз. Асосий эътиборни сифатга қаратганмиз. Шукрки, буюртмалар кўп.
Қўлдан берганга қуш тўймайди, деган нақл бежиз айтилмаган. Муаммолар гирдобида қолган фуқароларга моддий ёрдам беришдан кўра, уларни маълум бир касбларга йўналтириш орқали қўллаб-қувватлаш энг самарали усул эканлигини кейинги пайтларда жойларда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар” бўйича қилинаётган ишларнинг ижобий натижалари кўрсатиб турибди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА