Қоидабузарлар тегишли жазосини олди
Замон шиддат билан ривожлангани сайин технологиялар ҳам мукаммаллашиб бормоқда. Айрим фуқаролар ушбу ривожланишдан унумли фойдаланса, айримлари ўрнатилган қоидаларга зид ҳаракатлари билан омма эътиборини тортишга уринмоқда. Инсон эҳтиёжлари ошган сари уларни қондириш учун бўлган уринишларнинг кўринишлари ҳам ўзгармоқда. Халқ таъбири билан айтганда “тўқликка шўхлик” қилувчилар кўпаймоқда.
Бухорода ўртоғининг онасини туғилган кунида унга кутилмаган томоша уюштириб катта йўлда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракат қилган шоввозлар ҳам кимгадир мақтанмоқчи ёки ўзларини кўрсатмоқчи бўлган бўлса ажабмас.

–Кейинги пайтларда айрим ҳайдовчилар томонидан туғилган кунни нишонлаш ёки фарзандини туғуруқ хонадан олиб чиқиш, ғайритабиий усулда дўстини табриклаш учун транспорт воситаларидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш, транспорт воситаларига турли хил қоғозларни ёпиштирган ҳолда ўзларининг миннатдорлигини кўрсатиш ҳолатлари кузатилмоқда, – дейди Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот гуруҳи катта инспектори, капитан Улуғбек Шукурлаев. – Бу қандай қоидабузарлик турига киради деган табиий савол туғилади. Йўлларда бу каби хатти-ҳаракатлар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш бу йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига зид ҳисобланади ва белгиланган тартибда қонунчилигимизга асосланган ҳолда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳар қандай қайд этилган ҳолат зудлик билан аниқланади ва уларга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўрилади. Қоидабузарлик учун жавобгарлик борлигини эслатиш ва белгиланган тартибда чора кўриш йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг вазифаси ҳисобланади.
Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан қоидабузар ҳайдовчиларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик Кодексида белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилиб автомашиналар жарима майдонига жойлаштирилди.

–Тошкент молия институтида ўқийман, – дейди қоидабузар ҳайдовчи исмини сир сақлаган ҳолда. – Таътил кунларида дўстимнинг онасини туғилган куни билан табриклаш учун билмай шу ишни қилибман. Қилган ишимдан афсусдаман. Бошқа ҳайдовчиларга бундай қилишни тавсия этмайман.
– Дўстимнинг онасини туғилган куни билан табриклаб, хурсанд қилиш учун машинамни орқасига “Табриклайман” деб ёзув ёзгандик, – дейди яна бир қоидабузар ҳайдовчи. – Бу ишим билан мен йўл ҳаракати қоидаларини буздим. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланганимиз учун тегишли тартибда жазо оляпмиз. Бундай қоидабузарликни ҳеч кимга тавсия қилмайман.
Қонунлар устувор бўлган мамлакатимизда гувоҳи бўлганингиздек ҳар бир қоидабузар тегишли жазосини олади. Биз барча ҳайдовчилардан амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларини, катталардан ёш авлодга яхши одат ҳамда тўғри қоидалар билан ўрнак бўлишларини сўраймиз.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.