Кеча Миср пойтахти марказидаги асосий телекоммуникация компанияси биносида ёнғин содир бўлди, оқибатда 39 киши жабрланди, 4 киши ҳалок бўлди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ёнғин туфайли Қоҳирада алоқа билан боғлиқ муаммолар юзага келди: аҳоли телефон қўнғироқларини амалга оширолмай қолди, интернет хизматлари вақтинчалик узилиб қолди.

Мамлакат телекоммуникация вазири Амир Талат бугун жамоатчиликка хизматлар босқичма-босқич тикланаётганини айтди.
– Чоршанба куни эрталаб барча хизматлар нормал ишлаши кутилмоқда, - деди у. – Айрим хизматлар, жумладан, банк операциялари ва пул ўтказмалари иловалари ёнғин туфайли жиддий тўхтаб қолганидан кейин нормал ҳолатга қайтди.

Ўлка Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилишича, воқеадан сўнг 14 нафар ярадор яқин атрофдаги шифохоналарга ётқизилган.
– Асосий ёнғин Рамзес ҳудудидаги “Telecom Egypt” компаниясининг 10 қаватли биносининг еттинчи қаватида бошланган, -дейилади “Associated Press” тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, шаҳар марказида қуюқ тутун кўтарилганида тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари воқеа жойига дарҳол етиб келган.
Қутқарувчилар ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган, деб тахмин қилишмоқда. Расмий маълумотларга кўра, жабрланган мижозларга компенсация тўланиши кутилмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА