Қўғирчоқ театрлари қандай бўлиши керак?
Бугун болани лол қолдириш, ишонтириш ҳар қачонгидан ҳам мушкул. Замон ўзгармоқда. Фан ва техника тараққий этмоқда. Энди болаларни оддий қўғирчоқ билан лол қолдириб бўлмайди. Уларни қўғирчоқ сўзлаётган гапларга ишонтириш жуда қийин. Ота-оналарнинг Қўғирчоқ театрларига болаларини етаклаб келиши ҳар қачонгидан ҳам сусайгандек, назаримизда.
Долзарб мавзу
Қўғирчоқ театрларининг тарихи қадимга бориб тақалади. Уни илк томоша ўйинлари сирасига киритадиган бўлсак, қадимийлиги бўйича Наврўз байрами, миллий спорт ўйинлари билан тенг, дейиш мумкин. Аммо асрлар ўтса-да, ҳали-ҳамон сақланиб келаётгани яхши.
– Қўғирчоқ театрлари замон билан ҳамнафас эмас, – дейди санъатшунос Зоҳид Обидов. – Малакали, замонавий илмга эга кадрлар керак. Бугун қўғирчоқ театрлари замон билан ҳамнафаслашса, албатта, одамлар фарзандларини театрларга олиб келишади. Қолаверса, катталар ўзлари ҳам қизиқиб томошалардан завқланишади. Бўш вақтларини ўша ерда ўтказишга ҳаракат қилишади. Қўғирчоқ театрларидан одамларнинг кўнгли тўлмаяпти. Уларда ранг-баранглик йўқ. Янги саҳна асарлари ёзилмаяпти. Қўғирчоқ театри репертуарларини кузатсангиз, ҳамон эски эртаклар. Ахир, XV асрда ёзилган эртак XXI асрда яшаётган, техника билан нафас олиб, ҳар қадамда ҳаёти техника билан боғлиқ болага қизиқ эмас. Мисол тариқасида Ўзбекистон Қўғирчоқ театрида саҳналаштирилган спектакллар рўйхатига назар солсак: «Оқ қор парчаси», «Қор маликаси», «Фотиманинг саргузаштлари», «Зиёд ботир», «Фарҳод ва Ширин», «Ширмонбулоқ», «Шайтон тегирмон», «Яланғоч шоҳ», «Алоуддиннинг сеҳрли чироғи», «Семурғ», «Ўжар қуёнча», «Юлдузли бола» «Қарсилдоқ», «Чўп қўғирчоқ» ва ҳаказолар. Буларнинг аксарияти эскирган. Бугунги замонга мос келмайдиган томошалар. Афсуски, булар бугунги кун болаларига қизиқ эмас.
– Одамлар театрлардан кўра мобиль воситаларни афзал билишаётгани бор гап, – дейди психолог Мафтуна Баратова. –Чунки улар қўғирчоқнинг жонсиз эканлигини, уни кимдир бошқариб, ҳатто эртакни ҳам бошқа киши ҳикоя қилаётганини билади. Эртакни тақдим этиш услубини ўзгартириши керак. Эртакларнинг мазмунини сақлаган ҳолда унга замонавий руҳни сингдирмоқ лозим. Энди оддий парда ортидан зерикарли ҳаракатлар кўрсатилганида, бундан завқланувчи болалар йўқ. Чироқлар, замонавий ускуналар, махсус овоз кучайтиргичлар, мусиқа ва куй жўрлигида қўғирчоқларнинг ҳавода муаллақ туриши, ёзиб олувчи замонавий камералар ҳаракатланишини таъминлаш керак. Ёки аллақачон робот қўғирчоқларга ўтилиши, бошқарув пультлари билан бошқариладиган томошалар тақдим этилиши шарт бўлган даврдамиз.
Бугун болалар нимага қизиқаяпти?
Театрлар айнан ана шу саволни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши керак. Бола ён-атрофида, ҳаётида бўлган ва бўлаётган воқеаларни, реал ҳодисаларни томошада кўришни хоҳлайди. Бузилиб қолган телевизорни, қувватлагичи тугаб қолган компьютерни, ҳар куни ўйнаётган бошқарувли машиналар иштирок этган томошаларни кўргиси келади. Унга қачонлардир яшаган ёки яшамаган подшоҳнинг гўзал қизлари, ўнлаб хотинлари билан бўлган суҳбати қизиқ эмас. Сеҳрли булоқ, сеҳрли кўза ва бошқа сеҳрли нарсаларга бугунги кун болалари ишонмайди.
– Қўғирчоқ театрларида кадрлар муаммо эканлиги баҳона бўлолмайди, – дейди маркетолог Икром Ҳасанов. – Бунда, биринчи навбатда, маркетингни йўлга қўйиб олмоқ зарур. Қачонки, ойлик маошлар кадрларнинг эҳтиёжини қондира оладиган даражада бўлсагина, ўша ерда ишда унум ва самара бўлади. Бизда Қўғирчоқ театрлари ўз маркетингини ҳали- ҳамон йўлга қўя олгани йўқ. Давлат томонидан ажратиладиган пулларни тақсимлашдан нарига ўтолмаяпти. Бугун Қўғирчоқ театрларида ходимлар тинимсиз ишлаши, янги , ранг-баранг асарларни саҳналаштириши лозим. Тайёр саҳна асарларини ижтимоий тармоқларга жойлаши (у ердан ҳам мўмай даромад топса бўлади) лозим. Радио ва телеканалларга маҳсулотларни сотиш мумкин. Ёки бўлмаса, шартнома асосида телеканаллар учун махсус томошалар яратса бўлади. Ана шунда Қўғирчоқ театрларида маркетинг йўлга қўйилади. Қўшимча ишлар пайдо бўлади, томошалар салмоғи ортади. Сифатли иш, албатта, ўз мухлисига эга бўлади.
Қўғирчоқ театрлари фаолиятидаги ана шундай унсурлар бартараф этилмас экан, ота-оналар мажбурлаб бўлса-да, болаларини бу ерларга олиб келолмайди. Унинг учун ҳамиша арзон ва ҳеч қандай ҳаражат талаб қилмайдиган телефондаги мобиль ўйинлар, қизиқарли томошалар муҳим бўлиб қолаверади.
Дилобар Маматова, ЎзА