
1938 йил.Октябрнинг илк зах кунлари. Дарахтларнинг хазонрезгиси миллат бошига тушган кўргуликларни олдиндан кўра билгандек гўё.
Тошкентдаги Алвасти кўприк аталувчи кўримсиз, хилват жой. Кекса авлод юрак оғриғи билан ёдга олади ўша машъум жой номини.
Архив материалларига кўра, Ўзбекистон тарихидаги энг қайғули кунлардан бири эди у кунлар. Ўшанда халқимизнинг энг зиёли олимлари ва давлат арбобларидан бир гуруҳи шўро даврининг қатағон қурбонига айланган.
Манбаларда келтирилишича, СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси қарори билан ушбу кун отувга ҳукм қилинганлар орасида Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Худойберган Девонов, Раҳим Иноғомов, Усмон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби шахслар бўлган...
Шак-шубҳасиз, Абдулла Қодирий бобомиз миллатимиз маърифатпарвар зиёлиларининг ёрқин намояндаларидан эди. Ўзлигимиз, маънавиятимиз, она тилимизга, халқнинг келажагига бўлган муносабатимиз, эътиқодимиз бевосита Абдулла Қодирий номи билан чамбарчас боғлиқдир. Унинг сиймосида миллат қайғуси, келажаги йўлида азиз жонини фидо қилган маърифатпарвар боболаримиз гавдаланиши ҳам бежиз эмас албатта.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 сентябрдаги йиғилишининг тегишли баёни асосида миллий адабиётимиз ва маданиятимизга улкан ҳисса қўшган атоқли адиб ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги бениҳоя улкан ҳиссасини инобатга олган ҳолда жорий йил 4-14 октябрь кунлари юртимизда "Абдулла Қодирий – Ўзбек адабиёти хазинасидан" мавзусида адабий-бадиий кеча ҳамда маданий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ўтказилмоқда.
Мана бир неча кундирки, Абдулла Қодирий мемориал уй-музейларида, олий ўқув юртларида, ўрта махсус билим даргоҳларида, мактабларда, ҳарбий қисмларда улуғ ёзувчи ижодига бағишланган давра суҳбатлари, кечалар, адабий мулоқотлар қизғин руҳда бўлиб ўтмоқда. Уларда адабиётшунос олимларимиз, ёзувчи ва шоирлар, блогерлар, умуман, Қодирий бобо ҳаёти ва ижодий меросига бефарқ бўлмаган барча ҳамюртларимиз фаол иштирок этмоқда. Қодирийнинг аччиқ, лекин миллат қайғуси йўлида хазон бўлган ҳаёти, серқирра ижодий фаолиятининг тарғиботи, айниқса, ёшларни миллий адабиётимиз, она тилимизга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишга ундамоқда.
Адиб номи билан аталувчи мемориал музейда унинг асарлари асосида суратга олинган фильмлар намойиши бўлиб ўтмоқда. Ижтимоий тармоқларда Қодирий бобо ҳаёти ва ижодига бағишланган челленжлар ўтказилаётир. Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда "Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари" номли бадиий кўргазмага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шу билан бирга адабиётшунос устозларимизнинг Абдулла Қодирий фаолияти, шахсияти ва ижодига оид адабий-бадиий публицистик китобларининг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Юртимиз театрларида Абдулла Қодирий асарлари асосидаги спектакллар намойиш этилаётир.
Ижод мактабларида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётимиз фидойилари иштирокида Абдулла Қодирий ва бошқа жадидчилик ҳаракатининг намояндалари, маърифатпарварлар меросини кенг тарғиб этиш мақсадида маҳорат дарслари ғоят самимий руҳда ўтказилмоқда.
Абдулла Қодирийнинг "Сайланма"си, Ҳабибула Қодирийнинг "Отам ҳақида" хотиралар китоби, Шеркон Қодирийнинг "Бобом ҳақида" хотиралар китоби, Баҳодир Каримовнинг "Абдулла Қодирий феномени" монографияси, "Ўткан кунлар" ибрати" китоби, Наим Каримовнинг "Қодирий замондошлари" қомусий китоби юзасидан ташкил этилаётган адабий учрашувлар, ижодий мулоқотлар, давра суҳбатлари адабиёт мухлисларининг билимларини янада бойитмоқда.
Ҳа, Қодирий бобомизнинг мероси бугунги кунда наинки мамлакатимиз, балки АҚШ, Канада, Германия, Туркия ва бошқа хорижий давлатларда ҳам ўрганилмоқда, тадқиқ этилмоқда. Демак, Қодирий дунё эътиборидаги, мангуликка дахлдор адиб.




Назокат Усмонова,
ЎзА